Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш йиллари маълум қилинди

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш йиллари маълум қилинди

Жорий йил 4 март куни “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинган эди.

Мазкур қарор билан расмий статистика соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича “йўл харитаси”да тасдиқланган. Президент ҳузуридаги Статистика агентлигига 2025−2026 йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишларини ташкил этиш вазифаси юклатилди.

Жорий йил давомида агентлик аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга тайёргарлик кўриш ишларини давом эттиради. Жумладан, агентликка аҳолини рўйхатга олишни аҳолининг кенг оммасига тушунтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларида фойдаланиш учун видеоролик, баннер, флаер ва буклетлар тайёрлаш, 2021 йилда ўтказилган синов натижалари ва халқаро экспертларнинг тавсиялари асосида аҳолини рўйхатга олиш саволномалари шаклларини такомиллаштириш вазифалари юклатилди.

Шунингдек, агентлик халқаро тажриба ва экспертларнинг тавсиялари асосида «Аҳолини рўйхатга олиш» ахборот тизимини такомиллаштириши ва рўйхатга олиш натижалари чиқувчи жадваллар намуналарини шакллантириши, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий режасини ишлаб чиқиши керак.

Аҳолини рўйхатга олиш эса 2025−2026 йилларда ўтказилиши, натижалари эса 2026−2027 йилларда тайёрланиши ва эълон қилиниши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, 2025 йил охиригача Статистика агентлиги қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга оширишга доир услубий ҳужжатларни ишлаб чиқиши керак. Бу мамлакат аграр секторининг ҳолатини — ер участкалари ҳажми, ер эгалиги, ердан фойдаланиш турлари, майдонлар, суғориш, чорва моллари, жалб қилинган меҳнат ва бошқа қишлоқ хўжалиги ресурсларини акс эттирувчи тадқиқотдир.

2027−2028 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ишларини амалга ошириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Ўзбекистонда 34 йилдан буён аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Пандемия сабабли у 2022 йилдан 2023 йил ноябрига кўчирилган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!