Ўзбекистон Россия билан транспорт-логистика соҳасини ривожлантиришга келишиб олди
Қозон шаҳрида ўтаётган Ўзбекистон – Россия III ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида Ўзбекистон Россия билан транспорт-логистика соҳасини ривожлантиришга келиб олди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Форум доирасида “Транспорт ва логистика соҳасидаги шериклик: Россия ва Ўзбекистон янги чақириқлар дунёсида” мавзусида панел сессия ташкил этилди. Унда транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди.
Иштирокчилар икки мамлакатнинг шаҳарлари, вилоятлари ва иқтисодий ўсиш марказларини боғловчи транспорт алоқаларини ҳамда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги таъминот занжирларини ривожлантириш бўйича қатор келишувларга эришишди.
Келишувлар:
Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари орқали ўтувчи халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни ўзаро мувофиқлаштириш;
Евроосиё қитъаси транспорт тизимини мустаҳкамлаш мақсадида, халқаро транспорт коридорлари йўналишларида давлат чегаралари назорат-ўтказиш пунктларининг инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида келишилган чора-тадбирларни қабул қилиш;
Турли транспорт турлари орқали халқаро хизматларни кўрсатишни ташкил этиш бўйича тажриба алмашишни давом эттириш ҳамда тармоқлараро ва минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш;
Ўзаро савдо ва транзитни ривожлантиришга хизмат қиладиган транспорт-логистика соҳасидаги минтақавий лойиҳаларни миллий режаларга киритиш бўйича мулоқотни давом эттириш;
Янги мултимодал йўналишлар, жумладан, “Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” йўналишини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш.
