АҚШ давлат қарзи илк бор иқтисодиёт ҳажмидан ошиб кетди
Қарз даражаси 2030 йилга бориб 108 фоизга етиши кутилмоқда.
АҚШда давлат қарзи ҳажми мамлакат ялпи ички маҳсулотидан (ЯИМ) ошиб кетди. Бу ҳолат Иккинчи жаҳон урушидан буён илк бор кузатилмоқда деб хабар беради Fox Business News маълумотларга таяниб.
Расмий маълумотларга кўра, жорий йил 31 март ҳолатига давлат қарзи 31,27 триллион долларни ташкил этган бўлса, мамлакат иқтисодиёти ҳажми 31,22 триллион долларга баҳоланган. Шу тариқа, қарзнинг ЯИМга нисбати 100 фоиздан ошиб кетган.
Мутахассислар қайд этишича, АҚШ 1946 йилда қайд этилган 106 фоизлик рекорд кўрсаткичга тез суръатларда яқинлашмоқда. Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 108 фоизга етиши, кейинги ўн йилликда эса 120 фоиздан ошиши мумкин.
Таҳлилларга кўра, қарзнинг кескин ўсиши бюджет тақчиллиги, ижтимоий харажатларнинг ортиши ҳамда қарзнинг иқтисодиётдан тезроқ ўсиши билан изоҳланмоқда. Бу эса фоиз ставкаларининг ошиши, инфляция босими кучайиши ва иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашишига олиб келиши мумкин.
Молиявий экспертлар давлат қарзининг ортиб бориши узоқ муддатда иқтисодий барқарорликка салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда. Шу боис, бюджет тақчиллигини камайтириш ва молиявий интизомни кучайтириш зарурлиги қайд этилмоқда.
