Ўзбекистон 157-ўринда! АОКА «Чегара билмас мухбирлар»нинг рейтингига муносабат билдирди

Ўзбекистон 157-ўринда! АОКА «Чегара билмас мухбирлар»нинг рейтингига муносабат билдирди

Куни кеча «Чегара билмас мухбирлар» нодавлат ташкилоти эълон қилган матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон 157-ўринда қайд этилди. Бироқ ташкилот томонидан юртимизда ахборот соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўлақонли ўз аксини топмагани ва муносиб баҳоланмагани афсусланарли.

Мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик — давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Журналист ва блогерлар ҳуқуқлари қонун доирасида ҳимоя қилинаётгани, ахборот хизматлари ва давлат тузилмаларининг матбуотдаги танқидларга конструктив жавоб қайтараётгани натижасида аҳолининг хабардорлик даражаси ошиб бормоқда.

Мураккаб пандемия шароитида Ўзбекистонда ОАВ, ижтимоий тармоқлар ҳамда мессенжерлар имкониятларидан самарали фойдаланиб, медиа маконда тарқалган ва муҳокамаларга сабаб бўлган ҳар бир маълумотга ўз вақтида расмий муносабат, изоҳ, тушунтиришлар бериб борилди. Агентликда барча давлат органлари ва идоралари билан биргаликда брифинг ҳамда матбуот анжуманларини тизимли ўтказиш йўлга қўйилди. Аҳоли ўзини қизиқтирган саволларга мутасаддилар ҳамда мутахассислардан бевосита жавоб олишни бошлади. Худди шундай амалиёт ҳудудларда ҳам жорий этилди, махсус медиа-режалар асосида журналистлар учун тадбирлар мунтазам ўтказиб бориляпти. 

Бундан ташқари, амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, жиноий жавобгарлик либераллаштирилди. Хусусан, туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси бекор қилинди.

Бугун Ўзбекистоннинг янги очиқлик ва ошкоралик сиёсатида ахборот соҳасидаги баҳсли масалалар, томонлар ўртасида пайдо бўладиган ҳар қандай низоли вазиятлар мавжуд қонунлар, шунингдек, суд тизими доирасида ҳал қилиниши йўлга қўйилди. Бу борада Агентлик ахборот соҳасидаги ваколатли орган сифатида ишончли ва холис ахборот тарқатаётган журналистлар, блогерлар, ОАВ ходимларининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр.

Умид қиламизки, «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг кейинги рейтингларида Ўзбекистонда ахборот эркинлиги соҳасидаги барча ислоҳотлар ўз аксини топади ва муносиб баҳосини олади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!