Турк маданияти ва мероси марказининг тантанали очилиш маросими Варшавада бўлиб ўтди
2026 йил 2 июнь куни Польшанинг энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири бўлган University of Warsawда Турк маданияти ва мероси жамғармасининг молиявий кўмаги билан ташкил этилган Турк маданияти ва мероси марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир Ян Рогаланинг кириш сўзи ва модераторлиги билан бошланди.
Маросимда Агата Барея-Стажиньска, Озарбайжон Республикасининг Польшадаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Наргиз Гурбанова, Қозоғистон Республикасининг Польшадаги элчихонаси маслаҳатчиси Сауле Тургинбекова, Туркия Республикасининг Польшадаги элчихонаси маслаҳатчиси Синем Тургут Бингёл ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Польшадаги элчихонаси маслаҳатчиси Ровшанбек Жабборов сўзга чиқишди.
Нутқ сўзлаганлар Турк маданияти ва мероси жамғармасининг Марказни ташкил этишдаги муҳим ўрни, молиявий кўмаги ва институтлараро ҳамкорликни ривожлантиришдаги ҳиссасини алоҳида таъкидладилар. Ушбу ташаббус академик ҳамкорлик ва маданий дипломатияни мустаҳкамлашга, шунингдек, Евроосиё минтақасида мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбирда Польша Фан ва олий таълим вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик департаменти катта мутахассиси Агнешка Береза, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалар ҳам иштирок этдилар.
Фахрий меҳмон сифатида сўзга чиққан Турк маданияти ва мероси жамғармаси президенти Актоти Раимқулова Марказнинг очилишини тарихий воқеа деб баҳолади. У Марказ нафақат таълим маскани, балки Шарқ ва Ғарбни боғловчи муҳим маданий кўприк эканини таъкидлади.
Профессор Актоти Раимқулованинг қайд этишича, Марказнинг ташкил этилиши Жамғарма ва Варшава университети ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумининг амалий натижаси ҳамда томонларнинг ўзаро ишончга асосланган саъй-ҳаракатлари маҳсулидир. У Марказ талабаларга туркий халқларнинг бой тиллари, тарихи, санъати ва анъаналари билан яқиндан танишиш имконини беришини таъкидлади. Шунингдек, лойиҳа амалга оширилишида кўрсатган ёрдами учун университет раҳбариятига, шунингдек, элчи Наргиз Гурбанова ва Озарбайжоннинг Польшадаги элчихонаси жамоасига миннатдорлик билдирди.
Тадбир доирасида Марказнинг расмий очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Профессор Актоти Раимқулова, профессор Агата Барея-Стажиньска ва элчи Наргиз Гурбанова рамзий равишда Марказ фаолиятига старт бердилар.
Маросимдан сўнг туркий давлатлар элчихоналари ва ҳамкор ташкилотлар янги ташкил этилган Марказга эсдалик совғалари, илмий нашрлар, маданий экспонатлар ҳамда таълим материалларини топширдилар.
Таъкидланишича, таълим, кўргазма ва маҳорат дарслари майдони сифатида фаолият юритадиган ушбу Марказ Польшада туркий халқларнинг бой маданий мероси ва хилма-хиллигини тарғиб этишга, олимлар, маданият арбоблари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
