Уйқу ҳақида
Уйқу жисмоний ва ҳиссий қувватларнинг маълум вақт ором олишидир. Ухлаш давомида инсон нафақат дам олади, балки уйқу сабабли аъзолар турли чиқиндилардан тозаланади, ҳужайралар янгиланади.
Ҳадиси шарифда: «Қўлларида овқат юқи билан ётиб, ухлаган одамга бирор касаллик етса, ўзидан кўрсин», дейилади. Киши тўшакка ётаётганида кўрпани ва уйқу кийимларини қоқиб ташлаши керак. Чунки ҳар хил ҳашоротлар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ўринга бадандан ўлик терилар тўкилиши ҳам олимлар томонидан аниқланган.
Ухлашдан аввал тавсия этилган оят ва дуоларни такрорлаб, ўзига дам солиб ётиш инсонга хотиржамлик бағишлайди. Бир уйда ёлғиз ухламаслик, ётганида қиблага ёки муқаддас китоблар турган томонга оёқ узатмаслик лозим.
Аниқланишича, кўп ухлаш соғлиққа зарар бўлиб, юзни сарғайтирар экан. Бир кеча-кундузда беш соатдан саккиз соатгача ухлаш етарли. Чунки донишмандлар кўп ейиш қатори кўп ухлашни ҳам соғлик учун зарар деб такидлашган. Яна бир ҳадисда эса: «Тонгда ухлаш ризқни камайтиради», дейилган. Бу маълумотларни эшитган ёки ўқиган хар бир инсон уйқуда ҳам меьёр деган тушунчага амамл қилиш кераклиги англаб олиши қийин эмас.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир ҳадисларида: «Ким аср намозидан кейин ухласа, ақлдан озиб, жинни бўлади. Шундан сўнг бошқани маломат қилмасин», деганлар (Абу Яъло).
Шунингдек, юзтубан ёки чалқанча ётиш тарбиясизлик саналади. Ҳалимийнинг «Минҳаж» китобида аёлларнинг чалқанча ётиб ухлашлари макруҳ дейилган. Ибн Сино ёзишича, чалқанча ётиб ухлаш кишида сакта, фалаж, босинқираш касалликлари келиб чиқишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз: «Юзтубан ётган кишини кўрганларида, уни уйқудан ўйғотиб: «Бу ишёқмасларнинг ётишидир. Юзини ерга қилиб ётган кишига Аллоҳнинг ғазаби бўлади», деганлар. Ўнг ёни билан ётиб, ўнг қўл кафтини юз остига қўйиб ухлаш яхшидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шу тарзда ухлаганлар.
Қолаверса, тиббиёт мутахассислари бундай ухлашда тана аъзоларининг ишлаши, модда алмашинуви яхшиланишини исботлашган. Баъзи табиблар чап ённи босиб ётишни тавсия қилишади. Чунки бундай ётиш овқат ҳазмини осонлаштиради.
Куннинг биринчи ярмида бир-икки соат ухлаб олинса, одам кун бўйи енгил юради. Бу «қайлула» дейилади. Пайғамбаримиз: “Қайлула қилинглар, чунки шайтон қайлула қилмайди. Қайлула заволдан олдин бўлади”, деганлар (Анас ибн Молик).
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, ҳар бир нарсада меъёр деган тушунчага амал қилсак ҳаётимиз жуда гўзал бўлади. Уйқудаги меъёр ҳам инсон саломатлигида катта аҳамият касб этади. Шундай экан уйқуларимизни меъёрга келтиришга диққат қилайлик. Иншааллоҳ, ана шунда Аллоҳ таоло тунларимизни тинч, уйқуларимизни фойдали қилади.
Manba: azon. uz
