АҚШ "Аллигатор Алькатрас" мигрантлар қамоқхонасини ёпишни режалаштирмоқда
АҚШ маъмурияти ушбу машҳур қамоқхона номи билан аталган ҳужжатсиз иммигрантлар учун "Аллигатор Алькатрас" ҳибсхонасини ёпишни кўриб чиқмоқда.
Бу ҳақда Флорида штати губернатори Рон Десантис маълум қилди.
"Агар биз ушбу муассасани ёпа олсак, жуда яхши бўларди. Ёпиш масаласи муҳокама қилинмоқда", деди губернатор журналистларга.
Десантис янги Ички хавфсизлик вазири Маркуэйн Маллин қамоқхонага "янгича назар ташлаганини", шунинг учун сиёсат ўзгарганини таъкидлади. Газета Флорида маъмурияти ва АҚШ федерал ҳукуматининг қамоқхонани тарк этишга тайёрлиги "уларнинг позициясида кескин ўзгаришни англатади" деб ёзади. Илгари расмийлар ҳибсхонани ноқонуний иммигрантларга қарши кураш намунаси сифатида тарғиб қилишган. Флорида штати қамоқхонани ёпишга уринишларга қарши суд жараёнларига юз минглаб доллар сарфлаган.
The New York Times нашри манбаларга таяниб хабар беришича, штат ва федерал ҳокимиятлар ҳақиқатан ҳам қамоқхонани ёпишни муҳокама қилмоқдалар, аммо бу музокаралар ҳали дастлабки босқичда. АҚШ Ички хавфсизлик департаменти марказни сақлаш жуда қиммат деган хулосага келди ва уни самарасиз деб ҳам ҳисоблайди. Флорида маъмурияти марказни бошқариш учун кунига 1 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлайди.
2025 йил ёзида очилган ҳибсхона, АҚШ президенти Дональд Трампнинг сўзларига кўра, келажакда ҳужжатсиз иммигрантларни сақлаш учун шунга ўхшаш муассасалар церийаси учун намуна бўлиб хизмат қилиши керак эди. Атрофдаги ҳудуд кўплаб аллигаторлар, тимсоҳлар ва заҳарли илонлар яшайдиган ботқоқликдир.
Флорида марказининг қурилиши Демократик партия аъзолари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг танқидларига сабаб бўлди, улар муассасадаги оғир шароитлар иммигрантларнинг ҳуқуқларини бузади деб ҳисоблашади. Бир гуруҳ демократ сенаторлар ва Вакиллар палатаси аъзолари расмийлардан муассаса фаолияти ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишни талаб қилишди, чунки унинг фаолияти қонунни бузади деб гумон қилишди.
