Уй-жой сотиб олиш учун ажратилган кредитлaр ҳажми қисқарди
Марказий банкнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда ипотека кредити бозори қисқаришда давом этмоқда.
2024 йилнинг январь-сентябрь ойларида жами 11,73 трлн. сўмлик ипотека кредитлари ажратилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 490,3 млрд. сўмга ёки 4,1 фоизга кам.
Янги қурилган уй-жойларни сотиб олиш учун ипотека ҳажми 7,08 трлн. сўмдан 7,16 трлн. сўмга бироз ошган. Иккиламчи уй-жойлар учун эса 5,14 трлн. сўмдан 4,57 трлн. сўмга камайди.
Кўрсаткичнинг пасайиши барча манбалар: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (-189,8 млрд. сўм), банкларнинг ўз маблағлари (-222 млрд. сўм) ва Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси (-78,5 млрд. сўм) ҳисобидан молиялаштиришни қисқартириш ҳисобига юз берди.
Айниқса, ушбу хизматнинг асосий бозорлари ҳисобланган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ипотека кредити ҳажмининг қисқариши сезиларли даражада кузатилмоқда. Пойтахтда берилган ипотека кредитлари ҳажми 3,76 трлн. сўмдан 3,5 трлн. сўмгача (-6 фоиз), Тошкент вилоятида эса 960,5 млрд. сўмдан 648,7 млрд. сўмгача (-32,5 фоиз) қисқарди.
Эндиликда, Тошкентдан кейин иккинчи йирик ипотека бозори Самарқанд вилоятига айланди, у ерда аҳоли 1,02 трлн. ипотека кредитларини олди. Кейинги ўринларда 1,01 трлн. сўм билан Фарғона вилояти, 834,7 млрд. сўм билан Андижон вилояти ва 748,8 млрд. сўм билан Навоий вилояти туради.
Ипотека кредити олувчилар сони ҳам 10 653 кишига (53 443 нафардан 42 790 нафарга (деярли 20 фоизга)) камайди. Шу билан бирга, ўртача кредит миқдори 228,6 млн. сўмдан 274 млн. сўмга ёки 19,9 фоизга ошди.
Давлат дастури доирасида ипотека фоиз ставкаси ўзгармади — 17,5 фоиз. Аммо банклар ўз кредитлари учун ставкаларни 23,8 фоиздан 25 фоизга оширди.
Яна бир маълумот, 18−30 ёшлилар орасида ипотека кредити олувчилар сони 10 333 тадан 11 601 тагача кўпайди, уларнинг улуши эса 19 фоиздан 27 фоизга ошди. Бунинг фонида ўрта ёшлилар (31−50 ёш) улуши 69 фоиздан 65 фоизгача, шунингдек, катта ёшдагилар (50 ёшдан ошган) улуши 12 фоиздан 8 фоизгача камайди.