Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ташкил қилинади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳамда ўрмонларни бошқариш тизимида ислоҳотларни изчил давом эттириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 90-сонли Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан «Яшил макон» лойиҳаси доирасида экилаётган дарахт ва бута кўчатларининг кўкарувчанлиги, яшовчанлиги, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини ошириш мақсадида:
— давлат ўрмон хўжаликларида республика ҳудудларининг иқлим шароитига мос дарахт турларининг замонавий селекция усулларидан фойдаланиб, сифатли ва кафолатланган уруғларни етиштириш ҳажми 1,5 бараварга оширилади;
— уруғчилик лабораторияларида республика ҳудудларининг иқлим шароитига мос ўсимлик турларидан оналик плантациялари ташкил қилинади;
— давлат ўрмон хўжаликлари томонидан етказиб берилаётган кўчатлар ҳажми 2 бараварга оширилади.
Шунингдек, 2025 йил 1-октабрдан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида жамоатчилик иштирокини ошириш, «Яшил макон» электрон платформасида очиқликни таъминлаш мақсадида:
— аҳоли ташаббуси билан дарахт экиш мумкин бўлган аниқ ҳудуд, сув таъминоти, кейинчалик парвариш қилиш имконияти ва дарахтлар турлари кўрсатилади;
— «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан қилинадиган ишларни жамоатчиликка «ҳар бир тийин сарфланишини кузатиш» тамойили асосида онлайн етказилади;
— дарахт ва буталарни кесич учун рухсатнома бериш юзасидан мурожаат қилган шахс тўғрисидаги маълумот, кўчирилиши ёки кесилиши таклиф этилаётган дарахт ва кўчириш (кесиш) сабаби, аниқ манзили, жойлашуви, фото ва видеотасвирлари акс эттирилади;
— ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесган ёки йўқ қилган шахслар томонидан компенсация сифатида экилган дарахт ва бута кўчатлари ҳисобини юритиш тизими жорий қилинади;
— дарахтларни қонунга хилоф равишда кесган жисмоний ва юридик шахслар, ушбу ҳуқуқбузарликлар ва улар юзасидан кўрилган чоралар бўйича «Яшил макон» электрон платформасига доимий равишда маълумотлар киритиб борилади.
Қлаверса, «Менинг боғим» лойиҳаси доирасида яшил боғлар барпо этишга камида бир гектар, яшил жамоат парклари учун ярим гектардан ер майдонлари ажратилади.
Фармонга кўра, Ўрмон хўжалиги агентлиги негизида Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ташкил қилинади. Агентлик «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, кўчатчиликни ривожлантириш, дарахт ва бута кўчатлари питомнигини кўпайтириш бўйича республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
Янги тартибга кўра, 2025 йил 1 ноябрдан ўрмон фонди ер майдонлари алоҳида муҳофаза этилади ва уларнинг тоифасини ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига мувофиқ амалга оширилади.
Бундан ташқари, 2025/2026-ўқув йилидан бошлаб Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети («Греэн Университй») ва унга бириктирилган «яшил техникумларда»:
— ўқув жараёни дуал таълим тизими асосида йўлга қўйилади;
— илмий-амалий машғулотларни ташкил қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ботаника ва дендрология боғлари барпо этилади;
— уруғчилик, кўчатчилик, иқлим ўзгариши соҳаларида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил қилиб борилади.
Мазкур Фармон «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар самарадорлигини ошириш, ўрмонлар ва яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш, улардан самарали фойдаланиш ва чўлланишга қарши курашишни тизимли амалга оширишга хизмат қилади.