Ўқитувчилар кўчаларда “Open budget” учун овоз йиғишга мажбурланаётгани айтилмоқда

Ўқитувчилар кўчаларда “Open budget” учун овоз йиғишга мажбурланаётгани айтилмоқда

Ўқитувчилар кўчаларда “Open budget” учун овоз йиғишга мажбурланаётгани айтилмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бу ҳолатга муносабат билдирди.

"Ижтимоий тармоқлар орқали жойларда баъзи ўқитувчиларга ушбу лойиҳада овоз йиғиш учун мажбурий топшириқ берилаётгани, топшириқни бажаришга беэътибор қараётган ўқитувчиларга керакли чора кўриш билан таҳдид қилинаётганлиги тўғрисида хабарлар тарқалиб, улар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан жиддий ўрганилмоқда.

Айни вақтда «Вазирга мурожаат» порталига ўқитувчилардан ушбу мазмундаги мурожаатлар келиб тушмаган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги тегишли қарорига кўра, педагогларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланади.

Ҳурматли ўқитувчилар, мактабгача ва мактаб таълими муассасалари ходимлари!

Агар сизнинг таълим масканингизда ўқитувчиларни ушбу лойиҳа доирасида мажбурий овоз йиғишга жалб этиш ҳолатлари кузатилса, вазирликнинг Ишонч телефони 71-202-09-09 га қўнғироқ қилишингизни сўраймиз. Сизнинг мурожаатингиз асосида ушбу йўналишда қонун бузилиш ҳолати аниқланса, тегишли масъул ходимларга зарур таъсир чоралари кўрилади.

«Ташаббусли буджет» лойиҳаси фақат ташаббусга асосланади, бунда ҳеч кимни мажбурлашга йўл қўйилмайди!

Маълумот учун шуни ҳам қўшимча қилишни жоиз деб топдим, яқинда Олий Мажлис Сенати томонидан «Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун маъқулланди.

Унда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этганлик учун жиноий жавобгарликкача бўлган жазо назарда тутилмоқда. Яъни педагог ходимни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёҳуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма Жиноят кодексига киритилмоқда.

Шундай экан, ўқитувчиларимизнинг касбий ҳуқуқлари Давлатимиз назоратида эканлигини, уларни мажбурий меҳнатга жалб қилишга йўл қўйилмаслигини унутмаслигингизни сўраймиз".


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!