Украинанинг янги қарши ҳужуми ҳақида ҳозиргача нима маълум?

Пайшанба куни Россия телеграм-каналлари Украина армиясининг Курск вилоятидаги Уланок ва Черкасск Конопелкаси йўналишида қарши ҳужумга ўтишга уриниши ҳақида хабар берди. Кейинроқ бу маълумотни Россия Мудофаа вазирлиги тасдиқлади ва ҳозирда барча ҳужумлар қайтарилганини таъкидлади.
Украина Қуролли кучлари қўмондонлиги бу хабарларга изоҳ бермади.
"Украина Қуролли кучлари яна Курск вилоятига "қонли ҳужум"га ўтди. Ҳозирги пайтда Махновка, Черкасская Конопелка, Уланок қишлоқлари ва Сужадан 7 километр узоқликдаги Фанасеевка қишлоғи атрофида шиддатли жанглар давом этмоқда.
Душман қарши ҳужумга катта миқдордаги техникани жалб қилди: зирхли жанговар машиналар, танклар, траллар ва юздан ортиқ шахсий таркиб," - дея "Шимолий шамол" з-канали хабар берди.
"Душман РФ Қуролли Кучлари бўлинмаларини Махновка аҳоли пунктидан сиқиб чиқаришга уринмоқда, Уланок аҳоли пунктида жанглар тўхтамаяпти", - деб ёзади россиялик журналист Борис Рожин. - "Душман 3 тагача батальон кучи билан техникада (танклар, зирхли жанговар машиналар) ҳужум қилмоқда, унга қарши бизнинг авиациямиз ва артиллериямиз иш олиб бормоқда. Вазият жиддий."
Жанговар ҳаракатларнинг ҳозирги фаоллашуви ушбу шаҳарнинг жануби-шарқида юз берди. Фронтнинг бу қисми Украина Қуролли Кучлари учун истиқболли кўринмайди - у ерда ўтиш қийин ва аҳоли зич жойлашмаган ҳудуд, Курск вилоятининг асосий шаҳарлари эса бошқа йўналишларда, Суджадан шимолда жойлашган.
Эҳтимол, Украинанинг бу операциясидан мақсад - бошқа қисмлардан кўра туман марказига кўпроқ яқинлашган рус бўлинмаларини шарққа суриб, унинг ҳужуми хавфини бартараф этишдир. Агар Украина Қуролли Кучлари Суджа устидан назоратни йўқотса, Курск вилоятининг қолган ҳудудини ушлаб туриш ўз аҳамиятини йўқотади.