Украина Ташқи ишлар вазирлиги бу хабарларни рад этди

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Грузиянинг Украина махсус хизматлари томонидан бу мамлакатда исён тайёрлаётгани ҳақидаги баёнотини рад этди.
Аввалроқ Грузия Давлат хавфсизлик хизмати Украина ҳарбий разведкасини Тбилисида "оммавий тартибсизликлар" ва Украина ҳарбий разведкаси бошлиғи ўринбосари, генерал Георгий Лорткипанидзе бошчилигидаги "ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга" тайёрлашда айблаган эди.
Бу маълумотларни Украина Ташқи ишлар вазирлиги вакили Олег Николенко рад этди.
"Амалдаги Грузия ҳукумати вакиллари ўзларининг ички сиёсий муаммолари учун яна Украинани айбдор сифатида кўрсатишга уринмоқда. Украина давлати Грузиянинг ички ишларига аралашмаган, аралашмайди ва аралашишни режалаштирмаяпти" — деб таъкидлади Николенко.