Туғилиш тўғрисидаги гувоҳномани “бир дарча” тамойили асосида олиш имкони яратилади

Туғилиш тўғрисидаги гувоҳномани “бир дарча” тамойили асосида олиш имкони яратилади

Ҳозирда мазкур хизмат автоматлаштириш жараёнида бўлиб, пойтахтимиздаги Давлат хизматлари марказларида синовдан ўтказилмоқда.


Хизмат кўрсатиш жараёнини модернизация қилишда, биринчи навбатда бюрократик тўсиқларнинг бартараф этилиши ва тезкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Эндиликда янги туғилган чақалоқнинг ота-онаси ёки унинг васийси бола туғилганлик факти ҳақидаги маълумотни туғруқхонадан олиш учун, кейин бевосита фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимидан гувоҳномани олиш учун, сўнгра банкда тўловни амалга ошириш учун навбатда туриши шарт эмас.

Ушбу хизмат тури Тошкент шаҳрида синов тариқасида жорий этилиб, амалга оширилаётган лойиҳа, Давлат хизматлари марказлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлар базаларининг интеграциясини назарда тутмоқда. Бола туғилгандан сўнг, туғруқхона ёзувлари махсус тизимга киритилиб, улардан марказлар ходимлари онлайн режимда фойдалана олишлари мумкин бўлади.

Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиш учун Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш лозим бўлади. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, пластик карта бўлгани ҳолда “Click“, “PayMe“ ва бошқа тизимлар орқали онлайн-тўловни амалга ошириш имкони яратилиши режалаштирилмоқда. Бу тизимда коррупция ҳолатларини олдини олиш ва бартараф этишга хизмат қилади.

Келгуси йилдан мазкур хизматни бутун мамлакат бўйлаб жорий этиш режалаштирилмоқда.

Бугунги кунда пойтахтимиздаги марказлар ходимлари гувоҳномаларни ёзма равишда тўлдиришдан аста секинлик билан воз кечмоқда.

Энди туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома компьютер ёрдамида тўлдирилиб, фуқаро ёзувларни тўғрилигини монитордан текширгандан кейин қоғозга чоп этилади.

Кейинги йилдан бошлаб фертиль (яъни, бола туғиши мумкин бўлган) ёшдаги аёлларни ҳисобга олиш ва ҳомиладорликнинг эрта босқичидан чақалоқ туғилгунига қадар назоратни олиб боришнинг автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқиш ҳамда уни “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизими билан интеграция қилиш режалаштирилган. Мазкур тизим туғилган болаларни қайд этилмасдан қолиш ҳолатларини олдини олиш, шунингдек, боғчаларда келгусида яратиш зарур бўлган жойларни олдиндан режалаштиришга ёрдам беради.
Manba: uza.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!