Трамп маъмурияти “АҚШ судига ҳурматсизлик қилиш”да айбдор деб топилиши мумкин

Дональд Трамп маъмурияти “АҚШ судига ҳурматсизлик қилиш”да айбдор деб топилиши мумкин. Бу ҳақда BBC хабар берди.
АҚШ федерал судяси Жеймс Боасберг президент Дональд Трамп маъмуриятини шу йил март ойида 200 дан ортиқ венесуэлаликларни Сальвадорга депортация қилиш бўйича қарорни “атайин эътиборсиз қолдиргани” учун айбдор деб топиши мумкинлигини билдирди.
"Суд бундай хулосага осонлик билан ёки шошилинч тарзда келмайди. Аксинча, жавобгарларга ўз ҳаракатларини тузатиш ёки тушунтириш учун етарли имкониятлар берилади", — деди Боасберг.
Судянинг сўзларига кўра, агар Трамп маъмурияти ўз ҳаракатларини тушунтириб бера олса ва март ойида чиқарилган суд қарорига мувофиқлаштирса, жазодан қутулиши мумкин. Бу иш бўйича зарур ҳужжатлар 23 апрелгача тақдим этилиши керак. Оқ уй эса бу қарорга эътироз билдиришини маълум қилди.
Боасбергнинг айбловлари 8 апрел куни АҚШ Олий суди 1798 йилда қабул қилинган қонунга асосланиб, Трамп маъмурияти одамларни оммавий равишда депортация қилиши мумкинлигини амалда тан олганига қарамай янграмоқда.
Бу қонун президентга суд қарорисиз Қўшма Штатлар билан урушаётган мамлакатлар фуқароларини ҳибсга олиш ва депортация қилиш имконини беради.
Агар Трамп маъмурияти судга ҳурматсизлик қилгани аниқланса, Боасберг "айбдор" деб топилган амалдорларни жиноий жавобгарликка тортишни тавсия қилиши мумкин. Бироқ бу қарорни амалга ошириш Трамп томонидан тайинланган бош прокурорга бўйсунадиган федерал прокурорларга боғлиқ бўлади.