Тошкент халқаро аэропортидаги 6 та автотураргоҳ аукционга қўйилди
Uzbekistan Airports компанияси Тошкент халқаро аэропорти ҳудудидаги автотураргоҳларни ижарага бериш ҳуқуқи бўйича E-auksion.uz электрон платформасига лот жойлаштирди.
Хусусан, гап умумий майдони 40 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган ва жами 1,5 мингга яқин автомобил сиғадиган олтита автотураргоҳ (P1, P3, P4, P5, P7, P8) ҳақида бормоқда. Тураргоҳлар ҳудуди 3 йил муддатга ижарага берилади ва бу нафақат бошқарувни, балки инфратузилмани тўлиқ ривожлантиришни ҳам назарда тутади.
Лойиҳа йўловчилар учун қулайликни оширишга йўналтирилган: ҳудудда рақамли навигация, бўш жойлар мавжудлигини кўрсатувчи таблолар, қўшимча тўлов усуллари ва электромобиллар учун қувватлаш станциялари пайдо бўлади. Бўлажак оператор тураргоҳларни тун-у кун эксплуатация қилиш, уларга хизмат кўрсатиш ва қўриқлаш, шунингдек, реконструкция, кенгайтириш ва ободонлаштириш ишларига инвестиция киритиш мажбуриятини олади.
Асосий талаб — тўлиқ рақамлаштириш: бошқарувнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш, рақамларни таниш тизими, шлагбаумлар ўрнатиш, қулай тўлов усулларини (жумладан, онлайн) таклиф қилиш ҳамда жойларни банд қилиш имконияти бўлган мобил сервисни ишга тушириш.
Ижара ҳақи икки қисмдан иборат бўлади: белгиланган қатъий сумма (аукционда аниқланади) ва ўзгарувчан қисм — тушумнинг 5% миқдорида. Шу билан бирга, оператор ҳисоботлар ва ҳисобга олиш тизимларига кириш ҳуқуқини тақдим этган ҳолда иш фаолиятининг шаффофлигини таъминлаши шарт.
Ижарачиларга қўйиладиган барча талаблар ва иштирок этиш қоидалари билан сайтдаги ушбу лот остида батафсил танишиш мумкин.
Аукцион қоидаларига кўра, савдолар давомида бошланғич суммалар камида 5%га ошиши мумкин. Лотнинг бошланғич нархи эса йилига 48 778 800 000 сўм. Аукцион ўтказилиши 2026-йил 19-май кунига режалаштирилган.
