Тожикистонда ҳали ҳам коронавирус расман қайд этилмади. Аммо 4-бемор ҳам вафот этган

Тожикистонда ҳали ҳам коронавирус расман қайд этилмади. Аммо 4-бемор ҳам вафот этган

16 апрель куни Тожикистоннинг Суғд вилояти Спитамен тумани марказий шифохонасида 68 ёшли эркак пневмония оқибатида вафот этди, деб хабар беради Asia-Plus.

Жаббор Расулов тумани фуқароси Мўминжон Мирбаратов саккиз кун олдин шифокорга мурожаат қилган. Унга амбулатор даволаш буюрилган. Шундан сўнг беморнинг аҳволи оғирлашгани сабаб у Хўжанддаги шифохонага йўл олган. У ерда Мирбаратовга бронхопневмония ташхиси қўйилган ва яна амбулатор даволаш буюрилган.

Орадан икки кун ўтгач, беморнинг аҳволи янада оғирлашиб, тез ёрдам билан Спитамен туманидаги шифохонага олиб келинган. У зудлик билан реанимацияга жойлаштирилган, аммо шифокорларнинг саъй-ҳаракатига қарамай бронхлар ва юрак фаолиятининг етишмовчилиги оқибатида вафот этган. Мирбаратов билан алоқада бўлган саккиз нафар шифокор карантинга жойлаштирилган.

Сўнгги вақтларда Тожикистон оммавий ахборот воситалари ўпка ва юрак касалликлари, хусусан, пневмония, сил ва юрак-қон томирлари касалликлари туфайли бир қатор ўлимлар қайд этилганини маълум қилди. Айрим ҳолатларда бемор вафот этгач, унинг яқинлари ва шифокорлар карантинга жойлаштирилган. Марҳумлардан бири тиббиёт ходимлари томонидан номаълум жойга дафн этилган.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги эса ҳамон мамлакатда COVID-19 коронавирус  билан касалланиш бўйича бирорта ҳам ҳолат қайд этилмаганини маълум қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё давлатлари орасида ҳозирга қадар Тожикистон ва Туркманистонда коронавирус билан касалланиш бўйича бирорта ҳам ҳолат расман эълон қилинмади. 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!