Столтенберг Эрдоған билан ҳамфикр эканини айтди

Столтенберг Эрдоған билан ҳамфикр эканини  айтди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ўртасидаги музокаралар якшанба куни Истанбулда якунига етди.

Журналистларга Туркия раҳбарининг офисида айтилишича, улар бир ярим соатга яқин давом этган.

Музокараларнинг асосий мавзуси Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш жараёни бўлди. Уларда Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан, миллий мудофаа вазири Ясар Гулер ва Туркия президентининг собиқ матбуот котиби Иброҳим Калин ҳам иштирок этди. Иккинчиси, турк матбуотига кўра, тез орада разведка бошлиғи лавозимига тайинланиши мумкин.

Йенс Столтенберг Истанбулда Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Швеция Туркиянинг уч томонлама меморандум доирасидаги талабларини бажарганини ва НАТОга аъзо бўлиш ҳуқуқига эга эканлигини айтди.

“Швеция ўз мажбуриятларини бажарди. Аниқ қадамлар ташланди, қонунлар ўзгартирилди. Швециядаги намойишлар қийинчиликларни келтириб чиқарганини тан оламан. Йиғилишлар эркинлиги ва сўз эркинлиги ҳимоя қилиниши ва ҳурмат қилиниши керак. Аммо бу намойишлар ташкилотчилари Швециянинг НАТОга қўшилишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда”, - дея таъкидлади у.

Столтенберг, “Президент Эрдоған билан бугунги учрашув чоғида Швеция билан доимий муштарак механизмнинг навбатдаги йиғилишининг 12 июн куни бўлиб ўтишига келишиб олдим” деди. Шу билан бирга, у НАТОнинг Вилнюсдаги саммити олдидан Туркияда Швеция аризасини ратификация қилиш учун ҳали вақт борлигини таъкидлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!