ССВ: Республика кўз микрохирургияси марказида диагностика ва даволаш усуллари сони 300 дан ошди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугун дунё миқёсида 2 миллиарддан ортиқ инсон кўриш қобилияти муаммоларидан азият чекмоқда. Бироқ улардан 1 миллиард нафарга яқинини жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин.
Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази мамлакатимизда ана шундай мураккаб операцияларни ўтказиш борасида етакчи муассаса ҳисобланади.
Соҳада эришилаётган ютуқлар ҳақида марказ директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Азамат Юсупов батафсил гапириб берди:
— Авваллари кўз касалликларини замонавий усулларда даволаш борасида имкониятларимиз анчагина чекланган эди, — дейди А. Юсупов. — Шу боис кўплаб юртдошларимиз бу йўналишдаги мураккаб операциялар учун хорижий давлатларнинг етакчи клиникаларига боришга мажбур бўларди.
Қувонарлиси, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон тиббиётида кечаётган трансформация жараёнлари туфайли илғор хорижий тажрибани мамлакатимизда жадал татбиқ этишга киришилди.
Чунончи, ўтган йили марказимизда 42 мингдан зиёд операциялар ўтказган бўлсак, шундан 22 минг 193 тасини юқори технологик амалиётлар ташкил этади.
Хусусан, илк бор тўр парда касалликларида витрэктомияси эпиретинал мембранани (ЭРМ) олиш, кўз олмаси травматик касалликларида DSAEK ва витрэктомия комбинирланган амалиёти ҳамда ИОЛ дислокациясида Торик ИОЛни склерага тикиш каби юқори технологик мураккаб операцияларни бажаришга эришдик.
Албатта, бундай ютуқлар қўлга киритилишида хориж тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис чет давлатларнинг етакчи тиббиёт муассасалари мутахассислари билан ҳамкорликда янги технологияларни амалиётга кенг татбиқ этиб боряпмиз.
Жумладан, ўтган йили АҚШнинг “Lions Eye Institute” мутахассислари билан биргаликда DSAEK ва DMEK, Швейцариянинг “ELZA Institute AG” клиникаси профессори Фарҳад Хафези иштирокида кросслинкинг, Исроил ҳамда Хитой шифокорлари иштирокида травматик ҳолатларда шох парда трансплантацияси ва глаукомага қарши операция қилинган беморларда катаракта факоэмульсификацияси ИОЛ имплантацияси каби ноёб операциялар муваффақиятли бажарилди.
Шунингдек, марказнинг 8 нафар ёш мутахассиси АҚШ, Жанубий Корея, Швейцария, Ҳиндистон ва Россия каби тиббиёти тараққий этган давлатларда ўз малакасини ошириб қайтди.
2024 йил муассасада 8 та янги диаганостика ва даволаш усули амалиётга жорий этилди. Натижада бугунга келиб, уларнинг умумий сони 300 дан ошди.
Бу эса аҳолига офтальмология йўналишида ҳар томонлама сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини бермоқда.