Сайёрамизни энг кўп ифлослантираётган сайтни биласизми?

Сайёрамизни энг кўп ифлослантираётган сайтни биласизми?

USwitch энергия истеъмолини таққослаш платформаси томонидан тақдим этилган ҳисоботда 200 та энг машҳур веб-саҳифаларнинг углерод излари ҳисоблаб чиқилди, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru. Бунда хостингдан бошлаб, шрифт ўлчами, тасвир, видео ва ранглар каби сайтнинг энергия самарадорлигига таъсир кўрсатувчи кўплаб омиллар ҳисобга олинган.

Шу билан бирга, сайтларнинг углерод излари таҳлили давомида булутли ва телекоммуникация тармоқлари, шунингдек, маълумотларни қайта ишлаш марказлари ҳамда қурилмалари томонидан фойдаланиладиган энергия ҳам инобатга олинган.

Ўрганишлар давомида юзлаб сайтлар орасида сайёранинг ифлосланишига энг кўп Reddit кўнгилочар сайти «ҳисса қўшаётгани» маълум бўлди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, сайт фойдаланувчининг тармоққа бир марта кириши учун 13,05 грамм карбонат ангидрид ажратади — бу автомобилда 5 километр йўл босишга тенг.

Ҳавонинг ифлосланишига юқори даражада таъсир кўрсатадиган сайтлар орасидан 12,43 ва 11,43 грамм карбонат ангидрид кўрсаткичи билан мос равишда Pinterest ва Nintendo ўйин платформаси ўрин олган.

Wikipedia эса интернет тармоғидаги энг тоза веб-сайтга айланган. Интернет-энциклопедия фойдаланувчининг бир марта саҳифага киришига 0,04 грамм карбон диоксидини ажратади. Энергия самарадор ижтимоий тармоқлар қаторидан Linkedln ва H&M мода гигантининг сайти ўрин олган.

Маълумот учун, Reddit — ижтимоий янгиликлар сайти бўлиб, рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар у ерга ўзларига ёққан маълумотларни жойлаштириши мумкин. Мазкур ижтимоий тармоққа 2005 йилнинг 23 июнида Виргин университетининг битирувчилари Стив Хаффман ва Алексис Огаян томонидан асос солинган. Reddit фойдаланувчиларининг 54 фоизини АҚШ аҳолиси ташкил этади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!