Сайлов комиссияси аъзоларига иш ҳақи тўланадими?

Сайлов комиссияси аъзоларига иш ҳақи тўланадими?

Жуда кўпчилик фуқароларимиз мурожаат қилиб, сайлов комиссияси аъзолари бажарган ишлари учун маош оладими ёки йўқми, деб савол беришган эди. "Хушнудбек.уз" канали Марказий сайлов комиссияси билан боғланиб, ушбу масалага ойдинлик киритди.

Жорий йил бўлиб ўтадиган сайлов кампаниясида сайлов комиссиялари фаолиятига жалб этиладиган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масалалари аввалги йиллардаги сайловлардаги амалиётдан келиб чиқиб, янгича ёндошган тарзда ташкиллаштирилмоқда.

Бу нималарда ўз аксини топади:

Биринчидан, асосий иш жойига эга бўлган ва комиссия фаолиятига жалб этилган фуқароларимиз ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан тўлиқ ёки қисман озод қилинади ва уларнинг асосий иш жойларида иш ҳақлари тўлиқ сақланган ҳолда сайлов ишларига жалб этилади. Булар кимлар? Уларнинг қарийиб 71 фоизи давлат идоралари ва муассасалари ходимлари, шу жумладан халқ таълими ходимларидир (47,3 %).

Иккинчидан, (бу аввалги сайловларда кузатилмаган амалиёт) асосий иш жойига эга бўлган ҳолда комиссия фаолиятига жалб этилган фуқароларимизга асосий ойликларидан ташқари транспорт ва бошқа харажатлар учун комиссия раисларига 500 минг сўмдан, бошқа аъзоларга 250 минг сўмдан (бу солиқ чегирилгандан кейин қўлга тегадиган миқдор) компенсация тўланиши белгиланди.

Эътибор беринг: жорий йилги сайлов кампанияси учун 230 млрд. сўм ажратилган бўлса, шундан 70,6 млрд. сўми, яъни 30,6 фоизи айнан юқоридаги қарийиб 170 минг нафардан ортиқ жалб қилинган комиссия аъзоларига қўшимча компенсация тўловлари учун сарфланиши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, комиссиялар фаолиятига қарийиб 8 фоизга яқин вақтинча ишсиз бўлган ва нафақадаги фуқароларимиз ҳам жалб этилган бўлиб, улардан раис лавозимига жалб этилганларга 9 разряд бўйича 1,5 млн. сўм миқдорда, раис ўринбосарларига 8 разряд бўйича 1,4 млн. сўм миқдорда ва аъзоларга 4 разряд бўйича 1 млн. сўм миқдорда бир марталик иш ҳақи тўловлари амалга оширилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 ноябрдаги ПҚ-4004-сон қарорига мувофиқ иш берувчиларга сайловларни ўтказиш даврида жамоатчилик асосида ишлаб келаётган туман ва шаҳар сайлов комиссиялари раиси, унинг ўринбосари ёки котибларига юқори турувчи комиссияларнинг тавсияларига кўра, ойлик маошига асосий иш жойи моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан 50 фоиз миқдорида устама белгиланиши тавсия этилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!