Сардобада ҳалок бўлган қаҳрамоннинг укаси: "Сув 5 метргача кўтарилган. Акам одамларни қутқаришга шошилган"

Сардобада ҳалок бўлган қаҳрамоннинг укаси: "Сув 5 метргача кўтарилган. Акам одамларни қутқаришга шошилган"

Олдинроқ Сардоба фалокатида мардларча ҳалок бўлган Сирдарё вилояти, Сирдарё шаҳар Миллий гвардияси ходими Ҳусниддин Суяровнинг онасининг ўғли ҳақидаги хотираларини эътиборингизга тақдим этгандик. Журналист Гулруҳ Ёрматова марҳум қаҳрамонимизнинг укаси Адҳам Хидировнинг дардларига қулоқ тутди.

“АКАМНИНГ КАСБИНИ ДАВОМ ЭТТИРИШГА АҲД ҚИЛДИМ”

Бу фожиа ҳақида гапириш оғир. Мен акаси билан доимо фахрланадиган бахтли ука эдим. Ўғил бола биринчи навбатда отасига суянади, албатта. Лекин менининг бу ҳаётда иккита суянчиғим бор эди. Бугун битта устунимдан айрилиб қолдим.  Акамни ўйласам доимо яхши хотиралар эсга келади. Кичкина болалагиданоқ биз укаларини жон-жаҳди билан ҳимоя қиларди у. Катта бўлгач эса шу қадар меҳрибон акага айландики, кўрганлар ҳавас қиларди. Жуда меҳнаткаш инсон эди. Бир дақиқа ҳам бекор ўтирмасди. Ҳатто меҳнат таътилига чиққан кезлари ҳам уйдаги эркаклар қиладиган ишларни бажаришга киришиб кетарди. Бизни ҳам бекор ўтиргани қўймасди. Эрталаб жуда эрта уйғонарди. Эрта турган инсоннинг ҳаётида барака бор, бекорга деб айтишмас экан. Акамнинг ҳар бир иши, сўзи ва ҳаётида барака бор эди. Ишини жуда яхши кўрарди. Менга ҳам “сени ўзимни ёнимга ишга оламан”, дерди. Акамга ҳавас қилиб, бир йил ҳарбий хизматга бориб келдим. Миллий гвардияга ишга кираман деб юрган кезларим шу фалокат юз берди. Акамжоним менга ўз ўрнини, ҳарбий кийимини топшириб кетишга ошиққан эканми, деб ўйлаб қоламан. Акам бу соҳада 2009 йил ишга кирган эди. Шу йиллар давомида биз билан жуда кам вақтини ўтказган бўлсада, ҳаётимизда жуда чуқур из қолдирди. Акамнинг уйга келишини интиқлик билан кутардик. Ишдан келган кунлари уйимизда байрам бўлиб кетарди. Карантин бошланишидан сал олдин Сирдарё вилоятига ишга ўтганди. Энди сизлар билан тез-тез кўришиб тураман, деб қувонганди. Афсус, акамни дийдорига тўйиш насиб қилмди.

СУВ БЕШ МЕТР БАЛАНДЛИКДА ОҚҚАН

Ўша куни акамнинг гуруҳи эрталаб соат 4:30 ларда наряд олиб, Сардобага борган. Сув жудаям кўп экан. Кўрганларнинг айтишича, тошқин беш метр баландликда йўлида учраган ҳамма нарсани қўпориб, кўчириб оқибди. Асфальт йўлларни қўпориб оқаётган сувнинг даҳшатини кўрган одамлар шокка тушиб қолган экан. Акам ана шундай ваҳшат ичидан жуда кўп одамларни қутқариб қолган. Аммо минг афсус, ўз жонини қутқаришга улгурмади. Аллоҳ акамнинг жойини жаннатлардан қилган бўлсин илоҳим.

P/S. Ҳа, инсон учун ўз яқинидан жудо бўлиш жудаям оғир. Бундай кунни ҳатто душманга ҳам раво кўрмайди киши. Аммо тақдири азалда битилган битикдан ҳеч ким қочиб қутулолмайди. Албатта, ҳаёт бор экан ўлим ҳам биз билан ёнма-ён. “Ҳар бир тирик жон ўлим жомини сипқоргусидир”, дейилади қадимги битикларда. Аммо шарафли ўлим топиш ҳамма инсонга ҳам насиб этавермайди. Ҳусниддин Суяров гарчи бу оламдан эрта кетган бўлса-да, унинг номи ҳеч қачон диллардан ўчмайди. Айниқса, фалокатдан қутқариб қолган ва яшаш бахтини қайтариб берган инсонлар қалбида мангу яшайди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!