Рўза ҳақидаги 10 саволга 10 жавоб

Рўза ҳақидаги 10 саволга 10 жавоб

1.  Савол: Милки қонаб, қони ичкарига кетиб қолган кишининг рўзаси очиладими?
Жавоб: Агар қон томоғидан ўтиб, ичкарига етса, рўза очилади. Тишлари орасидан қон чиқиб, халқумида қолса, ичкарига ўтиб кетмаса, рўза очилмайди. Агар халқумдан ичкарига кетса, қон миқдори тупукдан кўп ёки тенг бўлса ёки қоннинг таъми сезилса, рўза очилади. Қон тупукдан оз бўлса, рўза очилмайди.

2.  Савол: Ғусл вожиб бўлган киши бурнига сув олганда сув ичкарига кетиб қолса, рўза очиладими?
Жавоб: Ғусл буруннинг юмшоғигача сув етказиш фарз, қаттақ жойига сув етказиш эса суннат. Рўзадор рўзалигини билатуриб оғзига ёки бурнига сув олсаю, сув ичкарига кетиб қолса, рўзаси очилади, қазо лозим бўлади. Агар рўзадорлиги эсида бўлмаса, рўзаси очилмайди. 

3.  Савол: Сигарет, нос чекиш билан рўза очиладими?
Жавоб: Сигарет чекиш, тамаки ва носга ўхшаш воситаларни истеъмол қилиш билан рўза очилади.

4.  Савол: Рўзадор одам тиш пастиси билан тишини тозаласа бўладими?
Жавоб: Рўзадор ҳолатда тиш пастасини ишлатиш макруҳ. Лекин томоғидан ичкарига ўтиб кетмаса, рўза очилмайди.
      Бирор нарсани оғзига олиб, татиб кўриш макруҳ, лекин бунда рўза очилмайди (лекин татиб кўрган нарсасини ютиб юборса рўза очилади).

5.  Савол: Укол (инъекЦия) қилиш билан рўза бўзиладими?
Жавоб: Уламолар мушаклар орасига, ёнбошга укол қилиш билан рўза бузилмаслигига иттифоқ қилишган. Тери орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди.
    Одатий йўллардан бошқа жойлар орқали терининг орасига нарса кириши, масалан, илон чақиб олиши (томирдан чақса ҳам), совуқ сувда ғусл қилиш натижасида бадан орасидан ичкарига сув ўтиши рўзани очмаслигига барча уламолар  иттифоқ қилишган.

6.  Савол: Тиш олдирса  рўза очиладими?
Жавоб: Рўзанинг очилиш-очилмаслиги томоқдан бирор нарса ўтиш-ўтмаслигига боғлиқ. Тиш олдираётганда томоқдан бирор нарса ўтиб кетмаса, рўза очилмайди.

7.  Савол: Ғарғара қилиш билан рўза очиладими?
Жавоб: Рўзадор кишининг ғарғара қилиши макруҳ. Ичкарига сув кетиб қолса, рўза очилади.

8.  Савол: Ғийбат қилса, ёлғон гапирса рўза очилади деб ўйлаган киши ғийбат қилиб қўйиб, қасддан таом еса каффорат лозим бўладими? 
 Жавоб: Шундай деб ўйлаб, қастдан еб-ичиб юборса, қазо ҳам, каффорат ҳам вожиб бўлади.

9.  Савол: Қўли билан шаҳватини қондирса, рўза очиладими?
Жавоб: Бу иш ҳар ҳолатда ҳам гуноҳ ҳисобланади. Қўли билан шаҳватини қондирса, маънан яқинлиқ ҳолати топилиб, суратан топилмагани учун рўза очилади ва қазо лозим бўлиб, каффорат вожиб бўлмайди. 

10.   Савол: Рўзадор киши исириқ, буғ ва шунга ўхшаш нарсаларни ҳидласа рўза очиладими?
Жавоб: Рўзадорлиги эсига тушиб, қасддан тутун ютса, исириқ ҳидини ютса, доривор ўтларнинг бўғини оғиз-бурни билан ичига ютса, рўзаси очилади.

"Мўминнинг қалқони (Муфассал рўза китоби)"


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!