«Душман режаси амалга ошмади, халқ қаршилик кўрсатди» – Эрон олий раҳбари
Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Мужтаба Хоманаий АҚШ ва Исроил билан давом этаётган можаро фонида навбатдаги мурожаатини эълон қилди.
У ўз ёзма мурожаатида, ҳужумлар орқали Эрон раҳбариятини йўқ қилиш ва шу йўл билан ҳукуматни ағдариш мумкин деган фикр «хомхаёл» эканини таъкидлади.
«Душман давлат раҳбарлари ва нуфузли ҳарбийларни йўқ қилиш орқали халқ орасида қўрқув уйғотиб, уларни майдонни тарк этишга мажбур қиламиз деб ўйлади», – деди Хоманаий.
Мурожаат Форс янги йили – Наврўз муносабати билан тайёрланган бўлиб, у Эрон давлат телевидениеси орқали ўқиб эшиттирилди.
Олий раҳбарнинг сўзларига кўра, бу режа амалга ошмаган ва Эрон жамияти бирлашган ҳолда қаршилик кўрсатган.
«Сизлар бутун мамлакат бўйлаб кенг мудофаа чизиғини барпо этдингиз. Шаҳарлар, маҳаллалар ва масжидлар мустаҳкам қўрғонга айланди», – деди у.
У, шунингдек, Эрон жамиятининг бирлашган ҳаракати душманни кутилмаган ҳолатга солиб қўйганини таъкидлаган.
«Натижада душман зиддиятли ва мантиқсиз баёнотлар беришга ўтди. Бу эса уларнинг ақлий заифлиги ва вазиятни тушунмаслигини кўрсатади», – деди Эрон олий раҳбари.
