Россияда поезд ва автобус тўқнашуви оқибатида Ўзбекистоннинг 5 фуқароси ҳалок бўлди

Россияда поезд ва автобус тўқнашуви оқибатида Ўзбекистоннинг 5 фуқароси ҳалок бўлди

Россиянинг Саратов области ҳудудидаги темирйўл кесишмасида поезд ва автобус тўқнашуви оқибатида беш нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси матбуот хизмати берган хабарга кўра, автобусда жами 7 киши бўлган, икки нафар қозоғистонлик - ҳайдовчи ва унинг ёрдамчиси ЙТҲдан омон қолган.

«Автобусда 7 киши бўлган, уларнинг 5 нафари Ўзбекистон фуқаролари, 2 нафари қозоғистонлик. Ўзбекистон фуқароларининг барчаси ҳалок бўлган, қозоғистонликлар шифохонага ётқизилган», дейилади хабарда.

РИА Новости хабарига кўра, 17 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 12:00да (Тошкент вақти билан соат 13:00да) Саратов вилояти Озинский тумани ҳудудида, «Энгельс—Ершов—Озинский» трассасининг 1-километрида, тартибга солинмаган темирйўл кесишмасида «Саратов — Ульяновск» йўналиши бўйлаб қатновчи Mercedes русумли автобус юк поезди билан тўқнашиб кетган.

Хабарларга кўра, автобус ҳайдовчиси поезд яқинлашаётгани ҳақида сигнал берилган бўлса-да, кесишмадан ўтишга уринган.

«Айни вақтда ҳайдовчи шифохонада. Уни сўроқ қилишнинг имкони йўқ. У ҳалокатга учрагунча қанча вақт давомида рулда бўлгани аниқланмоқда. Кўп эҳтимол билан у жуда толиққан ҳолатда бўлган», дейилади «Интерфакс» агентлиги хабарида.

Ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг шахсига ҳозирча аниқлик киритилмади.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 6 октябрида Россиянинг Владимир областида меҳнат муҳожирларини олиб кетаётган автобусни поезд уриб юбориши оқибатида 16 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган, яна 36 нафари жароҳатланган эди.

Manba: zamin. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!