Россия ЕИга нефть ва газ етказиб беришдан 320 миллиард доллардан ортиқ даромад олди
Россия Украинага қарши уруш бошланганидан буён ЕИга нефть ва газ етказиб беришдан 320 миллиард доллардан ортиқ даромад олди.
Россия Украинага қарши кенг кўламли босқинни бошлаганидан буён Европа Иттифоқи мамлакатларига 320,7 миллиард долларлик (тахминан 286 миллиард евро) нефть ва газ сотган. Бу ҳақда Россия ҳукумати бош вазирининг энергетика соҳасига масъул ўринбосари Александр Новак маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойидагина Европа мамлакатлари Россиядан 21,3 миллиард долларлик энергия ресурсларини харид қилган.
Европа Иттифоқи Москвага қарши санкциялар жорий этганига қарамай, Россиянинг айрим энергия ресурслари экспорти давом этмоқда.
«Бошқача айтганда, санкция чекловларига қарамай, биз истиснолар назарда тутилган айрим йўналишлар бўйича энергия ресурсларини етказиб беришда давом этяпмиз», — деди Новак.
Россия бош вазири ўринбосари, шунингдек, 2026 йил охирига келиб Россия нефти экспорти Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланишидан олдинги даражага қайтиши мумкинлигини истисно этмади.
