Нетаньяху ҳокимиятни йўқотиш хавфи остида
Исроил собиқ Бош штаби раҳбари Гади Айзенкот бош вазирлик учун курашда амалдаги ҳукумат раҳбари Биньямин Нетаньяхудан ўзиб кетмоқда. Бу ҳақда 27 октябрда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари арафасида Исроилнинг KAN жамоат телерадиокомпанияси эълон қилган сўровнома натижалари маълум қилди.
Тадқиқотга кўра, респондентларнинг 43 фоизи Айзенкотни бош вазир лавозимига муносиброқ номзод деб ҳисоблайди. Нетаньяхуни эса сўров иштирокчиларининг 38 фоизи қўллаб-қувватлаган.
Айзенкотнинг «Яшар» партияси 120 ўринли Кнессетда 22 та мандат олиши мумкин. Нетаньяхунинг «Ликуд» партиясига эса 20 та ўрин прогноз қилинмоқда. Бу кўрсаткич бир ҳафта аввалги сўровномага нисбатан биттага кам.
Қўллаб-қувватлаш даражаси ошганига қарамай, Нетаньяху сиёсий блоки ҳукумат тузиш учун ҳозирча етарли ўринга эга эмас. Сўровнома натижаларига кўра, унинг тарафдорлари Кнессетда 53 та мандатга эга бўлиши мумкин. Ҳукуматни шакллантириш учун эса камида 61 та ўрин зарур.
Айзенкот бошчилигидаги блокка 50 та мандат прогноз қилинган. Икки лагерга ҳам кирмайдиган партиялар эса жами 17 та ўринни қўлга киритиши мумкин.
Нетаньяхунинг эҳтимолий иттифоқчилари орасида миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирнинг «Яҳудий кучи» партиясига 9 та, «Таврот яҳудийлиги» партиясига 8 та, ШАС партиясига 7 та ва «Диний сионизм — Зеут» иттифоқига 5 та мандат прогноз қилинмоқда.
Собиқ бригадир генерал Офер Винтер бошчилигидаги «Амха Исраэль» партияси 4 та ўрин олиши мумкин. Аввалги сўровномада эса бу партия сайлов тўсиғидан ўта олмаган эди.
Араб партияларига жами 13 та мандат прогноз қилинган: Бирлашган рўйхатга 8 та, Мансур Аббос бошчилигидаги РААМ партиясига эса 5 та ўрин.
Сўровнома сайловчилар орасида ноаниқлик юқори эканини ҳам кўрсатди. Респондентларнинг 30 фоизи ҳали қайси партияга овоз беришини ҳал қилмаган, 21 фоизи эса сайловда умуман иштирок этмаслик эҳтимолини кўриб чиқмоқда.
Шу билан бирга, сўров иштирокчиларининг 54 фоизи сайловдан олдин Нетаньяху ва Айзенкот ўртасида телевизион дебат ўтказилишини қўллаб-қувватлаган. Бундай учрашувни «Ликуд»нинг эҳтимолий сайловчилари орасида ҳам 38 фоиз киши маъқуллаган.
Сўровнома натижаларига кўра, ҳозирча на Нетаньяхунинг ҳукмрон блоки, на Айзенкот бошчилигидаги мухолифат мустақил равишда парламентда кўпчиликни шакллантира олади.
Сайлов натижаси кичик партияларнинг позицияси ва ҳали бир қарорга келмаган сайловчиларнинг танловига боғлиқ бўлиши мумкин.
