Киев тунги ҳужум ҳақида разведка маълумотларини кеч олган
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг айтишича, 12 октябр куни Киевга Россия томонидан баллистик ракеталар билан ҳужум қилинганидан олдин халқаро ҳамкорлардан огоҳлантириш келмаган.
«Афсуски, бу ҳужум ҳақида ҳамкорлардан огоҳлантириш бўлмади. Россия баллистик ракеталарни учиргани ҳақидаги разведка маълумотлари одамлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беради. Бу энг муҳим масалалардан бири», – деди Зеленский.
«Украинская правда» нашрининг хабар беришича, 12 октябр куни кечқурун Россия Киевга баллистик ракеталар билан зарба берган. Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотига кўра, Россия ҳудудидан ракеталар учирилгани ҳақида олдиндан ахборот келиб тушмаган. Ракеталар радиолокация воситалари орқали Киевга ҳужум бошланганидан кейингина аниқланган.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари вакили Юрий Игнат разведка маълумотлари турлича бўлишини таъкидлади. Унинг айтишича, АҚШ ва НАТОнинг бошқа давлатлари сунъий йўлдош алоқаси орқали Украинага душман стратегик авиацияси, Қора ва Каспий денгизларидаги ҳарбий кемалар фаоллиги ҳамда баллистик ракеталар учирилиши ҳақидаги маълумотларни узатиб туради.
Бироқ баъзан бундай ахборот ўз вақтида етиб келмаслиги мумкин. Игнат бу каби ҳолатлар аввал ҳам кузатилганини айтди. Унинг таъкидлашича, муаммонинг сабаблари Украина мутахассислари ва халқаро ҳамкорлар томонидан биргаликда ўрганилиши, эҳтимолий техник носозликлар бартараф этилиши керак.
Ҳозирча Киевга ҳужумдан олдин огоҳлантириш келмаганининг аниқ сабаби маълум қилинмаган.
