Рамазон кундалигидан: Рўзадор кундузи ювиниши мумкинми?

Рамазон кундалигидан: Рўзадор кундузи ювиниши мумкинми?

Одамлар орасида рўзадор киши кундузи ювиниши ҳақида бир бирига мутлақо зид икки хил қараш бор. Бири рўзадор киши кундуз куни мутлақо ювиниши мумкин эмас, дейди. Бошқаси кундуз куни рўзадор ҳам бемалол ювиниш мумкинлигини таъкидлайди.

Бу мавзуда сўз бошлашдан аввал, кундуз куни эҳтилом бўлиб қолган рўзадор ғусл қилиши вожиблиги, албатта, ювиниши шарт эканини таъкидлаймиз ва бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Бизнинг мавзумиз ғусл қилиши вожиб бўлмаган рўзадорнинг ювиниши ҳақида бўлади.

Бу мавзуда «Ал-Фатовол Ҳиндия» китобида шундай дейилади: «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинишича, рўзадор таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиши макруҳдир. Шунингдек ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш ҳам макруҳдир. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: ‘Юқорида саналган ишлар макруҳ эмас’. Мана шу гап устунроқ, ‘Муҳити Сарахсий’ китобида шундай келган».

Демак, жиддий зарурат бўлмаганда, таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиш, ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш каби ишларни қилинмаса, бу ишларни ифтордан кейинга қолдирилса, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига амал қилинган бўлади.

Лекин, масалан, кун жуда исиб кетганида ва бошқа шу каби ҳолатларда юқоридаги ишларни қилиш зарурати туғилса ва ибодатдан безор бўлиш маъносида эмас, балки ибодатга ёрдам олиш маъносида бу ишларни қилинса, имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига, кейинги уламолар устун кўрган сўзга амал қилинган бўлади, макруҳ бўлмайди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!