Қўшимча грант асосида ОТМга кирмоқчи бўлган хотин-қизлардан талаб этиладиган ҳужжатлар маълум қилинди

Қўшимча грант асосида ОТМга кирмоқчи бўлган хотин-қизлардан талаб этиладиган ҳужжатлар маълум қилинди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги туман бошқармаларида ташкил этилган ишчи гуруҳ талабгор қизларнинг ҳужжатларини вилоят бошқармаларига 8 июлга қадар тақдим этади. Вилоят бошқармалари томонидан эса ҳужжатлар кўриб чиқилиб, 10 июлга қадар вазирликка юборишлари лозим. 15 июлга қадар тегишли тавсияномалар хотин-қизларга берилади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшода Мирзажонова АОКАда ўтказилган брифингда хотин-қизлар учун қўшимча 4 фоизли грант ажратилиши тартиби ҳақида маълумот берди.

Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, қўшимча грант учун тавсияномалар бериш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги ва унинг вилоят бошқармалари, шаҳар ва туман бўлимларида махсус ишчи гуруҳлари тузилади.

«Грантга талабгор бўлган қизларнинг ҳужжатларини қабул қилиш туман, шаҳар ишчи гуруҳлари томонидан амалга оширилади. Туман, шаҳар ишчи гуруҳ таркибига туман, шаҳар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи, молия бўлими бошлиғи, ички ишлар бўлими бошлиғи, тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, халқ таълими бўлими бошлиғи, мактабгача таълим бўлими бошлиғи, Ёшлар Иттифоқи туман, шаҳар кенгаши раиси киритилади.

Тавсияномалар ҳақиқий эгасига бориб етиши шарт. Туман шаҳар ишчи гуруҳлари томонидан талабгор қизларнинг ҳужжатларини қабул қилиб олиш муддати жорий йил 24 июндан 10 июлгача этиб белгиланди», дея қайд этди Дилшода Мирзажонова.

Маълум қилинишича, талабгор қизлар қуйидаги ҳужжатларни топшириши лозим:

  • Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири номига ариза;
  • Грант олиш учун белгиланган талаблардан бирига тўғри келишини тасдиқловчи ҳужжатлар (иловаси, билан);
  • Маълумотнома, объективка;
  • Умумтаълим мактаби ёки ўрта махсус касб-ҳунар муассасасидан маълумотнома;
  • Паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси.

Талабгорларнинг ҳужжатлари ишчи гуруҳи томонидан кўриб чиқилади ва грант асосида ўқишга тавсия этилган қизлар рўйхати ишчи гуруҳ баёни асосида тасдиқланади. Сўнг барча керакли ҳужжатлар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вилоят бошқармаларига, сўнг вазирликка юборилади. 15 июлга қадар тегишли тавсияномалар хотин-қизларга берилади ва 2020 йил 20 июлгача тавсиянома берилган талабгорларнинг якуний рўйхати Давлат тест марказига тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, давлат гранти учун тавсияномалар қуйидаги тоифа хотин-қизларга берилади:

  • кам таъминланган оиладан чиққан хотин-қизлар;
  • тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган хотин-қизлар;
  • 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёл (эркак)ларнинг қизлари;
  • шахсий уй-жойга эга бўлмаган, ижарада яшаётган оилалар;
  • ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ҳисобда турганлар;
  • ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилалардан чиққан хотин-қизлар;
  • олий маълумотли хотин-қизлар билан қамраб олиш даражаси республиканинг ўртача кўрсаткичларидан икки ёки ундан ортиқ марта паст бўлган туманлар, шунингдек, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшовчи оилалардаги қиз фарзандлар (уларни ўз ҳудудида 3 йил ишлаш шарти билан).

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!