Қозоғистонда ўқувчи қизларни жинсий қулликка жалб қилиш иши бўйича 11 киши ҳибсга олинди
Қозоғистоннинг жанубидаги Қизилўрда вилоятида вояга етмаган болани жинсий қулликка жалб қилиш бўйича 11 киши ҳибсга олинди.
Бу ҳақда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги раҳбари ўринбосари Игорь Лепеха маълум қилди.
"13 нафар айбланувчининг шахси аниқланди, улардан 11 нафари ҳибсга олинди, икки нафари уй қамоғида, шу кунгача бир қатор моддалар бўйича жиноий иш қўзғатилди", — деди Лепеха.
Унинг аниқлик киритишича, 13 нафар айбланувчилар орасида вояга етмаганни фоҳишаликка бевосита жалб қилганлар, шунингдек, бу жараённи ташкил қилганлар ҳам бор. "Тергов бу масалани кўриб чиқмоқда, ҳамма, шу жумладан мижозлар ҳам текширилади", дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, 16 август куни Қизилўрда вилояти ҳокими Нурлибек Налибоев йиғилиш ўтказиб, қўл остидаги ходимларни танқид остига олиб, вояга етмаган шахсни фоҳишаликка жалб қилиш фактининг ўз вақтида олдини олмаган ваколатли шахсларга нисбатан қаттиқ чоралар кўришни талаб қилган эди. Унинг қайд этишича, бу жиноий ҳаракатлар қарийб олти ой давом этган.
Кейинроқ жинсий қулликка тушиб қолган қиз ўқиган мактаб директори, синф раҳбари ва бошқа ходимлари ишдан бўшатилди. Вилоят ички ишлар бошқармасига масъул мутахассисларга нисбатан – ишдан бўшатишгача бўлган кадрлар бўйича қарорлар қабул қилиш топширилди.
NeMolchi.kz жамғармаси хабарига кўра, воқеага жабрланувчининг синфдошлари алоқадор бўлиб, улар ўз қариндошлари билан бирга қизни узоқ вақт давомида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиб, уни фоҳишаликка мажбурлаган, оиласини ўлдириш билан қўрқитган, шунингдек, зўравонликка дучор қилган.