Қозоғистон Афғонистонда темирйўл қурилишига $500 миллион инвестиция киритади

Қозоғистон Афғонистонда темирйўл инфратузилмасини ривожлантириш учун йирик инвестиция киритишга тайёр. Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) матбуот хизматининг маълум қилишича, Қозоғистон бу йўналишда $500 миллион сармоя киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири ўринбосари — миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин Ҳиротда бўлиб ўтган учрашувда айтиб ўтди.
ЕОТБ маълумотига кўра, ушбу лойиҳа доирасида Ҳирот шаҳрида логистика ва транспорт компанияси ташкил этилиши режалаштирилган. Бу ташаббус икки давлат ўртасидаги савдо, юк ташиш ва иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Серик Жумангарин бошчилигидаги йирик қозоғистонлик делегация яқинда Афғонистонга ташриф буюрди. Делегация таркибига расмийлар, тадбиркорлар, геологлар ва кончилик соҳаси мутахассислари киритилган. Ташриф давомида томонлар умумий қиймати $140 миллион бўлган савдо шартномаларини имзолади.
Шунингдек, Қозоғистон Афғонистонга 36 вагон инсонпарварлик ёрдами юборди.
Ташриф давомида Қозоғистон ва Афғонистон техник комиссия ташкил этиш бўйича келишувга эришди. Бу комиссия Афғонистон ҳудудидаги фойдали қазилмалар конларини ўрганади ва сармоя киритиш имкониятларини баҳолайди.
Жуманģариннинг айтишича, Қозоғистон кончилик ва геология соҳасида тажрибага эга кучли компанияларга эга. Делегация таркибида ERG Exploration, Kazakhmys Barlau ва “Казатомпром” каби йирик компаниялар вакиллари ҳам иштирок этди.
Афғон томони ҳамкорликни давом эттиришга, қозоғистонлик мутахассисларга тадқиқотлар ўтказишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, фойдали қазилмаларнинг тасдиқланган захиралари бўйича ахборот тақдим этилиши мумкинлиги маълум қилинди.
Келишувларга кўра, май ойининг охирида Қозоғистондан яна бир мутахассислар гуруҳи Афғонистоннинг бошқа вилоятларидаги истиқболли конларни ўрганиш учун юборилади.