Қинғир ишнинг қийиғи: жиноят устида қўлга тушган наманганлик эркакка ҳукм ўқилди
Халқимизда: «Оқимга қарши сузсанг, ғарқ бўласан», – деган нақл бор. Жамият ҳаёти ҳам бир оқимдир. Ҳамма қатори оила, юрт равнақи учун ҳалол меҳнат қилган, қонун-қоидаларига риоя этган киши тинч, бехавотир яшайди, албатта.
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди судьяси Нодиржон Раимқуловнинг хабар беришича, наманганлик Санжар Ҳамидов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам икки нафар фарзандли бўлса-да, қоида бузгани етмагани бир ҳолда уни хаспўшлаш учун қинғирлик йўлини танлади.
Судланувчи С.Ҳамидов 2020 йил 10 август куни ўзининг бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашинасида ҳаракатланиб кетаётганида Наманган шаҳри, Навоий кўчасида Наманган вилоят ИИБ ЙҲХБ инспектори А.Алимов томонидан тўхтатилиб, автомашинага фойдаланиш мумкин бўлмаган капронли газ баллон ўрнатилганлиги аниқланиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси расмийлаштирилиб, транспорт воситаси жарима майдончасига тортилган.
Шундан сўнг С.Ҳамидов транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб бериш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси расмийлаштирмаслик учун А. Алимовга 500 минг сўм пул маблағи беришни таклиф қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ўз хавфсизлик бошқармаси Наманган вилоят бўйича бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда С. Ҳамидов 500 минг сўм пулни А. Алимовнинг чўнтагига солиб қўйган вақтида ушланган.
Суд давлат айбловчисининг хулосасини, ҳимоячи фикрини, судланувчи С. Ҳамидовни кўрсатувларини, гувоҳларнинг тушунтиришларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, С. Ҳамидовни жиноят содир этганликда айбли деб топиб, қонун санкциясида кўрсатилган жазони тайинлади.
Қилмишидан тўғри хулоса чиқармаган, хато устига хато қиладиган бу тоифа шахсларнинг ҳолига вой. Қонунларимизда қинғир манзил танлаганлар учун жазо муқаррар.