Прагматик ёндашув, конструктив мулоқот ва муштарак манфаатлар йўлида бирлашиш

19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессияси ўз ишини бошлади, унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистоннинг замонавий кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича фундаментал қарашларини тақдим этди ҳамда мамлакатни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Президент, энг аввало, халқаро муносабатлар тизимида фундаментал ўзгаришлар юз бераётган бир шароитда амалий ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда, мамлакатларни жипслаштириш ғояси ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб қолаётганини, шу билан бирга сўнгги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Марказий Осиёда яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш йўлидан қатъий бораётгани таъкидлади.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон қўшни давлатлар билан икки томонлама муносабатларнинг стратегик асосларини ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизликни сақлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, қардош халқлар билан маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш йўлида қайта кўриб чиқиб, минтақа давлатлари билан муносабатларни ўзаро манфаатли муносабатларга етказишга муваффақ бўлди.
Президент томонидан халқаро ҳамжамиятнинг эътиборни минтақавий жараёнларга қаратилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиёни тинч ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш бундан буён ҳам устувор мақсад бўлиб қолишининг ёрқин белгисидир.
Давлатимиз раҳбари минтақавий сиёсатда эришилган ютуқлар билан бир қаторда, мамлакатларимиз олдида турган бир қатор долзарб вазифалар, хусусан, дунёдаги кескин экологик вазиятга тўхталиб ўтди. Бу борада Шавкат Мирзиёев ўз маърузасида Ўзбекистоннинг Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, минтақадаги иқлим ўзгаришининг салбий таъсири алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон томонидан БМТ Бош котибининг сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозимини таъсис этиш, Марказий Осиёда сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш ва яшил ривожланиш доирасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишни ташаббуслари қўллаб-қувватланиши мамлакатимизнинг «яшил» кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳал этишдаги қатъий интилишини ифодалайди.
Бундан ташқари, нафақат минтақавий, балки халқаро хавфсизликни таъминлаш жаражонига бевосита боғлиқ Афғонистондаги вазиятга эътибор қаратилди.
2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Афғонистон билан савдо, транспорт, энергетика, таълим соҳаларида алоқаларни ривожлантириш, бу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини сезиларли даражада фаоллаштирди.
Тошкент Марказий Осиё давлатларининг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича халқаро саъй-ҳаракатлардаги иштирокини кенгайтиришда муҳим роль ўйнади. Ўзбекистон нафақат афғон муаммосига халқаро эътиборни қаратишга ўз ҳиссасини қўшди, балки бу мамлакатни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғлиқлик лойиҳаларида муҳим бўғин сифатидаги бутунлай янгича тасаввурни илгари сурди.
Шу маънода, Давлатимиз раҳбари нуфузли минбардан туриб, дунё ҳамжамиятини Афғонистон муаммосини ҳал этиш йўлида бирлашишга бўлган чақириғи халқаро ҳамжамият учун тинч ва барқарор, минтақавий ҳамкорлик жараёнларида иштирок этадиган, қўшнилари ва бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатли шериклик учун очиқ Афғонистон кераклигини белгилайди.
Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ва кенг эътироф этилган ташаббуслар нафақат миллий манфаатларни самарали таъминлаш, балки Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш, жаҳон мамлакатлари олдида турган хавфсизлик ва тараққиётни сақлашнинг умумий муаммоларини ҳал этишда дастурий аҳамият касб этиши муқаррардир.
Шу билан бирга, шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг «C5+1» форматидаги биринчи саммитида иштирок этди.
2015 йилда Самарқанд шаҳрида ташкил этилган «С5+1» шакли Марказий Осиё давлатлари ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги очиқ ва конструктив мулоқот, барча соҳаларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим майдонга айланди.
Аввал ушбу шаклдаги учрашувлар ташқи ишлар вазирлари даражасида бўлиб ўтган. «C5+1» етакчиларининг учрашуви илк бор ўтказилгани унинг тарихий аҳамиятини белгилайди.
Шу нуқтайи назардан, Президент Марказий Осиё минтақасида дўстлик, ўзаро англашув ва шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётгани, бу кенг ҳамкорлик учун янги ва ноёб имкониятлар яратаётганини юксак баҳолаб, савдо-инвестициявий фаолиятни кучайтириш, минтақада транспорт йўлакларини ривожлантириш, «яшил» кун тартибини илгари суриш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш, таълим дастурларини кенгайтириш, Афғонистондаги вазиятнинг тинч йўл билан ҳал этилишига кўмаклашиш каби бутун минтақа ривожи учун стратегик аҳамиятга эга устувор йўналишлар кўрсатиб ўтди.
Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгилангани сабабли, ушбу мулоқот шакли доирасидаги ўзаро ҳамкорлик минтақадаги ижобий интеграция жараёнларига бевосита таъсир этувчи омил сифатида муҳим аҳамиятга касб этади ва давлатлар ўртасидаги кўпқиррали алоқаларга янги суърат бағишлайди.
Шахзода Жуманиязова,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги
Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти Америка ўрганиш маркази етакчи илмий ходими