“Пахтакор” ўз майдонида енгилди

ОФК Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи биринчи турида “Пахтакор” жамоаси БААнинг “Ал-Айн” клубини қабул қилди.
“А” гуруҳидан ўрин олган мазкур баҳс “Бунёдкор” стадионида ўтказилди. Учрашувнинг 11 - дақиқасида "Ал-Айн" жамоаси аъзоси Кожоло Лаба ҳисобни очган бўлса, 25-дақиқада Достон Турсуновнинг хатосидан муваффақиятли фойдаланган Ҳолид Ал Балуши ҳисобни 0:2 кўринишига олиб келди.
Иккинчи бўлимда “Пахтакор” жамоаси ўйинни ўз қўлига олмоқчи бўлди, бироқ футболчиларнинг ўйини қовушмади. Оқибатда 67-дақиқада Кожоло Лаба ўз ҳисобига яна бир гол ёзиб қўйди.
Ўйин якунига қадар жамоалар бир неча ҳужумларни уюштирган бўлса -да, ҳисоб ўзгармади.
Шу тариқа, “Пахтакор” ва “Ал-Айн” учрашуви 0:3 ҳисобида якунланди.