Озодбек Назарбеков МЧЖ таъсисчиси экани аниқланди

Озодбек Назарбеков МЧЖ таъсисчиси экани аниқланди

Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков «Коба санъат мажмуаси» МЧЖ таъсисчи экани тасдиқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.

«Ўрганиш мобайнида ҳақиқатдан ҳам О.Назарбековнинг 2016 йил 16 мартда давлат рўйхатидан ўтказилган «Коба санъат мажмуаси» МЧЖда 100 фоизлик улуш билан таъсисчи эканлиги аниқланди», дейилади хабарда.

Агентликнинг эслатишича, Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 мартдаги «Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган мансабдор шахсларнинг рўйхати тўғрисида»ги қарорига асосан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган.

Шу билан бирга, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига асосан давлат органлари (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонунчиликда ман этилган бошқа шахслар тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунга кўра, давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга ҳақли эмас.

Агентликнинг таъкидлашича, бугунги кунда юқоридаги қонунчиликка номувофиқлик бартараф этилиб, «Коба санъат мажмуаси» МЧЖ таъсисчиси ўзгартирилган.

Шунингдек, Маданият ва туризм вазирлигига келгусида «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун ва бошқа қонуности ҳужжатларига қатъий риоя қилинишини ҳамда вазирлик фаолиятида очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик принципларига риоя қилинишини таъминлаш чораларини кўриш юзасидан тақдимнома киритилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!