Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,8 фоизга пасайди

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,8 фоизга пасайди

Президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг маълум қилишича, 2024 йил июнь ойи охирида мева-сабзавот маҳсулотлари нархларининг мавсумий пасайиши фонида Ўзбекистонда 0,24 фоиз дефляция қайд этилди.

Бу 2023 йил июнь ойидаги кўрсаткичдан (-0,29%) бироз юқорироқ. Йиллик инфляция 10,6 фоизгача тезлашди.

Июнь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,8 фоизга пасайган (сўнгги 5 йилдаги минимал кўрсаткич, йиллик кўсаткичда — 3,5 фоизга ўсган). Ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,8 фоизга (7,9 фоизга), пулли хизматлар нархи 0,9 фоизга (27,9 фоиз) қимматлашди.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, тухум ўртача 1,1 фоизга (апрелда — 11,3 фоиз, май ойида — 15,6 фоиз, йил давомида — 8,5 фоиз), сут — 0,5 фоиз, шакар — 1,2 фоизга, кунгабоқар ёғи — 0,1 фоизга, ун — 0,4 фоизга арзонлашган.

Гуруч яна 0,3 фоизга (йил давомида 5,9 фоизга), мол гўшти 0,7 фоизга (4,6 фоизга), қўй гўшти 1 фоизга (5,2 фоизга) қимматлашди.

Июнь ойида мева-сабзавотлар орасида фақат олма 3,1 фоизга (йил давомида 33,2 фоизга) қимматлашди. Бақлажон 53,9 фоиз, помидор 42,8 фоиз, булғор қалампири 41,3 фоиз, қовоқ 38,5 фоиз, бодринг 37,8 фоиз, карам 17,7 фоиз, пиёз 13,9 фоиз, сабзи 1,3 фоиз, картошка — 0,7 фоизга арзонлашди.

Йиллик ҳисобда тарвуз 20,5 фоизга, қовун 43,4 фоизга, узум 87,3 фоизга ошган. Йил давомида картошка 2,9 фоиз, помидор 15,1 фоиз, сабзи 27,2 фоиз, пиёз нархи — 55,6 фоизга арзонлашди.

Уй-жой ижараси ойлик 0,7 фоизга ва йиллик 9,5 фоизга ошди. Совуқ сув таъминоти ва оқова хизматлари нархлари ўртача 0,5 фоизга, маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун эса 2,5 фоизга ошди.

Дори воситалари нархлари ўсишда давом этди (ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилингандан кейин) ва июнь ойида 1,4 фоизга, шу жумладан, стационар даволаш ва реабилитация хизматлари нархларининг ўсиши 4,2 фоиз қайд этилди. Охирги олти ойда антибиотиклар 19,4 фоизга қимматлашди.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, бензин 1,4 фоизга, пропан 1,9 фоизга арзонлади. Метан эса АГТКШ шохобчалари учун энг баланд нархнинг ошиши фонида 11,9 фоизга қимматлади.

Темирйўл транспорти хизматлари нархи июнь ойида республика бўйича ўртача 1,8 фоизга ошди. Ой давомида ҳаво қатнови 0,2 фоизга қимматлашди. Туристик саёҳатлар нархи 1,6 фоизга ошди. Бундан ташқари, давлат боғчалари учун тўловлар 20 фоизга юқорилади, хусусий боғчалар 2,4 фоизга қимматлашди.

Апрель ойининг охирида Марказий банк асосий сценарий бўйича 2024 йилда умумий инфляция прогнозини 8−9 фоиздан 9−11 фоизгача оширган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!