Олий Мажлис ва Бундестаг ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатилади

Олий Мажлис ва Бундестаг ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатилади

ЎзА аввал хабар берганидек, Германия Федерал ҳукуматининг Кўчиб келганлар ва миллий озчилик масаласи бўйича вакили, Бундестаг депутати Натали Павлик бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.

Меҳмонлар бугун куннинг иккинчи ярмида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган учрашувда иштирок этишди.

Қуйи палатанинг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева Германия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи ҳудудидаги муҳим шериги экани, ҳар икки томон турли соҳалар, жумладан, парламентлар доирасида ўзаро манфаатли ва конструктив ҳамкорликни давом эттириш тарафдорилигини таъкидлади.

Мулоқот чоғида парламентлараро мулоқотни кенгайтириш томонларга бир-бирини тушуниш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, муносабатларнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга хизмат қилиши тасдиқланди.

Ўзбекистонда мамлакатни сиёсий модернизация қилиш, парламентаризмни ривожлантириш ва қонун чиқарувчи ҳокимият ролини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Ўз навбатида Н.Павлик ҳам мамлакатларимиз ўртасида ўрнатилган шериклик ва конструктив алоқани юқори баҳолади. Президент раҳбарлигида тадбиркорлар, кичик ва ўрта бизнес вакиллари ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини эътироф этди.

Шунингдек, Ўзбекистон билан барча соҳада, жумладан, Европа Иттифоқи ва бошқа институтлар билан ҳамкорлик асносида манфаатли ҳамкорлик давом этиши, мустаҳкамланишига умид билдирди.

Учрашув якунида ҳар икки томон замонавий дунёда парламент дипломатияси роли ва аҳамияти тобора ортиб бораётганига урғу бериб, Олий Мажлис ва Бундестаг парламентарлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишга қизиқиш билдирди.

Германия томонининг парламент фаолияти бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганиш, маҳаллий парламентаризм даражасида ва ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан самарали парламент назоратини амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлиги маълум қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!