ОАВ: АҚШ Нетаняхуни Ғазода ўт очишни тўхтатиш учун “имконият беришга” чақирмоқда
АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вeнс Исроил бош вазири Биньямин Нетаняху билан учрашув чоғида уни Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш келишувига имконият беришга чақирди.
12-канал Америка ва Исроил манбаларiga таяниб хабар беришича, Вeнс Нетаняхуга:
“Келишувга имконият беринг ва биз ҳамма нарсани ҳал қилайлик”, — деган.
Унинг таъкидлашича, “Ғазони қайта қуриш ва ҲАМАСни Исроил учун энди хавф туғдирмаслигини таъминлаш қийинчиликларга тўла”.
Нетаняху эса ўз навбатида “ўт очишни тўхтатиш келишуви муваффақиятли бўлишини исташини” билдирди. Учрашувда қатнашган АҚШнинг юқори мартабали мансабдор шахси маълум қилишича, бош вазир “Вeнснинг оташкесимни давом эттириш ва келишувнинг кейинги босқичларига ўтиш зарурлиги ҳақидаги фикрларига очиқ бўлган”.
Шунингдек, Трамп маъмурияти Ғазога халқаро кучларни жойлаштириш ва минтақани қайта тиклаш учун маблағ йиғадиган Тинчлик кенгашини тузиш мақсадида араб давлатларидан иқтисодий, ҳарбий ва сиёсий ёрдам сўрагани қайд этилган.
Вeнс Исроилга ташриф билан келган ва бир кун аввал Нетаняху билан учрашган.
Аввалроқ, 9 октябр куни АҚШ президенти Дональд Трамп Мисрдаги музокаралар чоғида Исроил ва ҲАМАС Ғазода ўт очишни тўхтатиш режасининг биринчи босқичини маъқуллаганини маълум қилган эди.
Қоҳирада имзоланган ва Исроил ҳукумати томонидан тасдиқланган келишув 10 октябр куни кучга кирган.
Исроил армияси “сариқ чизиқ” деб аталмиш ҳудудга чекингач, ўша куни пешин вақтида оташкесим амалга кирган, аммо шунга қарамасдан, Исроил қўшинлари турли баҳоналар билан фаластинликларга қарши ҳужумлар уюштиришда давом этмоқда.
