Нурсултон Назарбоев: "Мен Тоқаевга ишонаман. Қозоғистон янги давр синовларидан муваффақиятли ўтади"

Нурсултон Назарбоев: "Мен Тоқаевга ишонаман. Қозоғистон янги давр синовларидан муваффақиятли ўтади"

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев «Nur Otan» партиясининг навбатдан ташқари қурултойида иштирок этди.

Назарбоев жорий қурултойнинг тарихий аҳамияти ҳақида гапирар экан, партиядошлари унинг амалдаги президент Қосим-Жомарт Тоқаевни «Nur Otan» партияси раислигига сайлаш таклифини қўллаб-қувватлашига ишонч билдирди, деб хабар берди «Elbasy.kz».

“Охирги бир ярим йил ичида партия жиддий тизимли қайта юкланишни бошидан кечирди. Мен партия устидан тўлиқ назоратнинг амалдаги давлат раҳбари Қосим-Жомарт Кемелевич Тоқаевга ўтказилишини бу жараённинг сўнгги босқичи деб биламан. Партияга Президент сайловида номзоди кўрсатилган ва уни қўллаб-қувватлаган шахс раҳбарлик қилиши керак. Бугун Қозоғистон Президенти раҳнамолигида энг муҳим ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар комплекси амалга оширилмоқда. «Nur Otan» партияси барча зарур ресурсларга эга бўлган ҳолда уларни амалга оширишда ишончли ёрдамчига айланиши керак”, — деди Элбоши.

Элбоши ўз нутқи давомида «Nur Otan» партияси мамлакатдаги асосий сиёсий куч эканлигини таъкидлади.

"Жамиятнинг барча қатламлари манфаатларини ҳимоя қилган партия ҳамиша мустақиллигимиз ва давлатчилигимиз ҳимояси тарафдори бўлиб келган. Биргаликда биз кўп нарсага эришдик. Энг муҳими, Қозоғистоннинг янада ривожланиши учун ишончли пойдевор яратилди. Бу илғор ҳаракатни давом эттириш муҳим”, деди Қозоғистоннинг биринчи президенти.

Назарбоевнинг таъкидлашича, фақат кенг жамоатчилик қўллаб-қувватлаган тақдирдагина Қозоғистон мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим натижаларига эришилади.

"Жамият мустаҳкамланган, давлатда тинчлик-осойишталик, барқарорлик ва тотувлик ҳукм сураётган шароитда улуғ мақсадларга эришилаётганини доим таъкидлаб келганман. Мустақиллигимизнинг 30 йиллик тажрибаси бу ҳақиқатни яққол тасдиқлайди. Бугун биз мустақиллигимизнинг тўртинчи ўн йиллигига қадам қўйдик. Бу глобал ўзгаришлар, мураккаб ва масъулиятли қарорлар даври. Ишончим комилки, Қозоғистон янги даврнинг барча синовларидан муваффақиятли ўтади. Бунинг калити аниқ мақсадлар, сиёсий ирода ва энг муҳими, халқнинг қўллаб-қувватлаши бўлади”, — деди у.

Ноябрь ойида сиёсий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида Нурсултон Назарбоев «Nur Otan» партияси раиси ваколатларини топширишга қарор қилган эди. У партияни мамлакат президенти бошқариши кераклигини таъкидлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!