Ногиронлиги борларни реабилитация қамрови 1 фоизга ҳам етмайди – Президент
Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида айни пайтда бўлиб ўтаётган йиғилиш кун тартибидаги навбатдаги масала ногиронлиги борлар билан ишлаш бўлди.
Қайд этилишича, йил бошидан ногиронлиги борлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё ва Сурхондарёда 10 фоизга кўпайди. Бу кўрсаткич 20 та туманда 12 фоиздан юқори.
Қайси ҳоким бу масалани ичига кириб, сабабларини ўрганди, деган саволга ижобий жавоб йўқлиги қайд этилди. Республика бўйича 33 та туманда ногиронлиги борларни реабилитация қамрови 1 фоизга ҳам етмаслиги танқид қилинди.
Шу боис соҳа учун масъуллар келгуси йилда реабилитация бўйича кескин ўзгариш қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Бунинг учун ҳар бир вилоят, туман шифохонасида реабилитация хизматлари йўлга қўйилади. 12 та ногиронлик реабилитация марказида эрготерапия, физиотерапия, даволаш-гимнастика хизматлари қамрови 5 карра оширилади.
7 та тиббиёт олийгоҳида реабилитация кафедралари очилади, профессор-ўқитувчилар Корея тажрибаси асосида қайта ўқитилади. Республика реабилитация марказига Корея ва Япониядан экспертлар олиб келиниб, маҳаллий мутахассислар малакаси оширилади.
Касаллик туридан келиб чиқиб, аҳолига уй шароитида бажара оладиган оддий машқларни ўргатиш орқали ҳам минглаб одамлар соғлиғини тиклаш мумкинлиги таъкидланди.
Маҳалладаги ижтимоий ходимлар ногиронлиги бор уйга уй шароитида қилинадиган машқлар дастури ва соғлом овқатланиш менюсини эслатма қилиб тарқатиши белгиланди.
Реабилитация ишларининг самараси ногиронлиги борларни ҳаракати, мулоқоти, ўзига ўзи хизмат кўрсатишидаги ўзгаришларга қараб баҳоланади, бунинг учун шифокорларга устама берилади.
Қашқадарё вилояти ҳокимига реабилитация бўйича тажриба яратиш топширилди.