Молиявий тизимни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 2024 йил 4 апрель куни “Молия тизимини ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари ва истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Анжуманнинг асосий ғояси сифатида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш, молия соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича стратегик вазифаларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси доирасида олий таълимни модернизация қилиш, илмий салоҳиятини ошириш, таълим ва фанни ривожлантириш йўлида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсад қилинган.
Халқаро анжуман географияси ўтган йилларда ўтказилганларга нисбатан кенгайиб, унинг фаолиятида маҳаллий олий таълим ташкилотлари билан бир қаторда, Америка Қўшма Штатлари, Япония, Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси, Тожикистон, Қозоғистон ва бошқа давлатлар иқтисодчи олимлари, илмий изланувчилари ва талабалар иштирок этди. Шунингдек, анжуман ишида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакиллари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик Олий мактаби мутахассислари мамлакат молия тизимини мустаҳкамлаш ҳамда глобал молиявий муносабатларни такомиллаштириш борасидаги илмий маърузалари билан қатнашдилар.
Япониянинг Чубу университети Профессори Seika Wazakiнинг соф ўзбек тилида қилган тақдимоти барчада катта таассурот уйғотди.
Бу каби халқаро миқёсда ўтказиладиган илмий-амалий анжуманлар ва уларнинг натижасида ишлаб чиқиладиган таклиф ҳамда тавсиялар пировардида Ўзбекистон илм-фанининг тараққиётига муносиб ҳисса қўшишишга, молия, бюджет-солиқ назарияси ва амалиётининг такомиллашувига, қолаверса, халқаро майдонда олимлар ва мутахассисларнинг ўзаро манфаатли мулоқот қилишига мақбул минбар ва самарали платформа бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Мадинабону Абдуллаева,
ТДИУ катта ўқитувчиси, илмий тадқиқотчи






