МАГАТЭ Эрон билан янги ядро битими имзолашга чақирди
Яқинда МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси ОАВ вакилларига интервью бериб, халқаро ҳамжамиятни Эрон билан мулоқотни йўлга қўйишга, Теҳроннинг ядровий интилишларини инкор этмасликка чақирди.
– Эрон билан мулоқот тизимини яратиш зарур, – деди Гросси. – Қандайдир бошқа жиҳатларга эътибор қаратиш билан муаммо ҳал этилмайди. Бепарволик вазиятни янада кескинлаштириши мумкин... Одамлар, эҳтимол, Эроннинг ядровий амбициясига эътибор бермаётгандир, лекин муаммо мавжудлигича қолмоқда.
У шунингдек, Эроннинг ядровий дастури атрофида юзага келган вазият ўта ноаниқ эканини таъкидлаб, мамлакатларни биргаликда ҳаракат бошлашга чорлади.
Гроссининг фикрича, Эрон билан ядро бўйича музокарага ички чалғитувчи омиллар ҳам тўсиқ бўлмоқда. Масалан, “айрим мамлакатлардаги сиёсий вазият” ўша давлат музокарада тўлиқ иштирок этишига имкон бермаяпти. Дарвоқе, мулозим бу гапи билан айнан қайси мамлакатларни назарда тутгани аниқ эмас. Унинг айтишича, Эрон билан эришиладиган битимни Биргаликдаги кенг қамровли ҳаракатлар режаси (БКҲР) доирасига қайтариш иш бермайди, энди янги тизим зарур.
– Ядровий келишувни БКҲР доирасига қайтаришга уриниш иш бермайди, – дея таъкидлади Гросси. – Тузилмани ҳалиям БКҲР деб аташ мумкин, фақат энди БКҲР-2 ёки қандайдир бошқача номлашга тўғри келади. Хуллас, мослашиш керак.
Маълумки, 2015 йил Буюк Британия, Германия, Хитой, Россия, АҚШ, Франция ва Эрон биргаликда битим имзолаган. “Биргаликдаги кенг қамровли ҳаракатлар режаси” сифатида ном берилган ушбу ҳужжат ядро дастурини чеклаши эвазига Эронга нисбатан қўлланаётган санкция бекор қилинишини кўзда тутган. Мазкур келишувга 2018 йилгача амал қилиб келинди, бироқ шу йил май ойида, Дональд Трамп президентлиги даврида АҚШ БКҲРдан чиққанини эълон қилди ва Эронга нисбатан санкцияни қайта тиклади. Бунга жавобан Эрон ҳам битим доирасида зиммасига олган мажбуриятини босқичма-босқич қисқартиришини эълон қилди ва ядро объектларидаги тадқиқотни қисқартиришдан воз кечди.
Венада БКҲРни янгилаш ва Теҳронга қарши санкцияни бекор қилиш бўйича музокара бўлиб ўтди. 2021 йил декабр ойида томонлар Европа ва Эрон позициясини акс эттирган иккита келишув лойиҳаси бўйича келишувга эришди. Эрон вакили Багирий Киёний сўзларига кўра, музокара муваффақиятли ўтган. Бинобарин, АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс Венадаги тараққиётни “камтарона” дея баҳолаб, Теҳронни масалага жиддий ёндашишга чақирди. Ҳозир Вена музокараси жараёни тин олган.
2021 йил декабр ойида Эрон ихтиёрий равишда Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ)га Караж ядровий иншоотидаги камераларни алмаштиришга рухсат берди. Аввалроқ кузатув камералари ўрнатишга рухсат берилмаган, объект ротор найчалари ва центрифуга кўприги ишлаб чиқаришни тикламагани тасдиқланган эди. Қолаверса, Теҳрон санкция тўлиқ бекор қилингандан кейингина Караж шаҳридаги ядровий иншоотдан кузатув камералари маълумоти тақдим этилишини маълум қилган.