Кохлеар имплантация (Туғма карлик) беш ёшгача бўлган бемор болаларда ўтказилади
📊 ЖССТ таҳлилига кўра, Ер юзи аҳолисининг 5 фоиздан ортиғи, яъни 430 миллион киши эшитиш қобилияти йўқолиши билан боғлиқ муаммодан азият чекмоқда. Янада ачинарлиси, уларнинг 34 миллион нафари — болалар.
🧠 Туғма карлик нуқсони билан дунёга келганлар сони эса қарийб 26 миллион нафарга тенг. Бундай ташхис қўйилган ўғил-қизлар мияси, афсуски, нормал ривожлана олмайди.
📌 Аммо замонавий тиббиётда бунинг ечими топилган. Хусусан, юртимизда ҳам мазкур нуқсонни бартараф этишда кохлеар имплантларидан самарали фойдаланиляпти.
💬 — Туғма карлик чақалоқ дунёга келган пайтдан эшитиш қобилиятининг қисман заифлашуви ёки тўлиқ йўқолиши билан намоён бўлади, — дейди Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази аудиолог шифокори Махсуд Маҳмудов. — Бу генетик омиллар, ҳомиладорлик давридаги турли инфекциялар, муддатидан аввал ёки кам вазнли туғилиш, кислород етишмовчилиги, қолаверса, нотўғри қўлланилган дори-дармонлар асоратлари билан боғлиқ.
🔬 Шу боис мамлакатимизда чақалоқ туғилгач, 3-куни унда аудиоскрининг ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган. Бу жараёнда эшитиш фаолияти бузилишига шубҳа туғилса ва мазкур ҳолат вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида тасдиқланса, чақалоқ Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказига йўлланма билан юборилади.
👶 Тиббий амалиётда эшитишни коррекция қилиш 6 ойликкача амалга оширилиши тавсия этилади. Акс ҳолда, бола нутқи ривожланиши сезиларли даражада кечикади.
🏥 Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида 3 ойдан 6 ойликкача бўлган бундай жажжи беморларнинг қулоқларига рақамли эшитиш мосламалари тақиб қўйилади.
🏵 9 ойликдан 1 ёшгача бўлган даврда бола эшитиш мосламалари билан таъминланган ҳолда кохлеар имплантация учун тайёрланади.
👂 Бу турдаги операциялар икки томонлама сенсонервал эшитиш заифлигининг 3 ва 4-даражалари қайд этилган ёки карлик мавжуд бўлган ўғил-қизларнинг эшитиш қобилиятини ички қулоққа стимул бериш орқали тиклаш мақсадида ўтказилади. Амалиёт бола 5 ёшга тўлгунга қадар бажарилганда, кўпроқ ижобий натижа беради.
📆 Кохлеар имплантация операцияси ўтказилган кундан бошлаб тўрт ҳафта ичида бемор нутқ процессорини ишга тушириш учун марказга олиб келинади. Бу қурилма муассасанинг аудиолог мутахассислари томонидан ишга туширилади.
‼️ Эслатиб ўтамиз, амалиёт бажарилган болаларда 7 йилдан сўнг эшитиш процессори давлат маблағлари ҳисобидан алмаштириб берилади.
