Коронавирусни унутамиз! Яманда чигиртка балоси 

Коронавирусни унутамиз! Яманда чигиртка балоси 

Ҳозирда урушлар давом этаётган ва вирус билан курашаётган Яманга чигиртка балоси ҳам хавф сола бошлади. Чигиртка тўдалари Яманнинг марказий, жанубий ва шарқий ҳудудларидаги экин майдонларини вайрон қилиб, мамлакатда озиқ-овқат етишмовчилиги юзага келишининг хавфини оширмоқда.

Мариб, Ҳадрамоут, Маҳра ва Абян провинцияларида яшовчи фермерларнинг айтишича, миллионлаб чигирткалар экин майдонлари, шаҳарлар ва қишлоқларга етиб боришган ҳамда хурмо каби мавсумий экинларни еб битиришмоқда.

“Чигирткалар худди ўзи дуч келган барча нарсани яксон қилувчи бўронга ўхшайди. Чигирткалар барча турдаги яшил дарахтларни еб тугатди. Бундан кўрилган зарар жуда катта. Ушбу чигиртка тўдалари яна тухум қўйишган ва улар 10 кунда очиб чиқиши кутилмоқда. Шунинг учун биз чигиртка босқинининг иккинчи тўлқинига тайёрланяпмиз” дейди Ҳадрамоут Саҳ провинциясининг қишлоқ хўжалиги расмийларидан бири Ҳуссайн Бин Ал-Шайх Абу Бакр.

Яманда ўтган икки ой ичида кучли ёмғирлар ва сув тошқинлари рўй берди. Бу эса чигирткаларнинг кўпайишига ажойиб шароит яратди.

Яманда чигирткалар келишидан олдин ҳам очарчилик бўлиш хавфи борлиги ҳақида айтилганди. Жаҳон озиқ-овқат дастури 10 июль куни Ямандаги аҳолини таъминлаш учун зудлик билан маблағ кераклигини, акс ҳолда бу мамлакат аҳолиси очарчиликка дуч келишини айтганди.

“Ҳозирда Яманда озиқ-овқат етишмовчилигидан азият чекаётган 10 миллион одам мавжуд. Биз айнан шу одамлар учун қайғурмоқдамиз. Уларнинг ҳолатлари урушлар, карантин чекловлари ва коронавируснинг ижтимоий-қтисодий таъсири туфайли ёмонлашиб бормоқда” дейди Жаҳон озиқ-овқат дастури матбуот котиби Элизабет Бирс.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!