Кинотақриз. “Аждар татули қиз”нинг давоми – “Ўргимчак тўридаги қиз” фильми нега “ўхшамади”?
Октябрь ойи охирида "Ўргимчак тўридаги қиз" ("The Girl in the Spider's Web") фильмининг премьераси бўлиб ўтди. Аммо у франшизанинг биринчи фильми – "Аждар татули қиз"нинг муваффақиятини такрорлай олмади ва ижодкорларга катта моддий зарар келтирди. Бунинг сабаби шундаки, “фильм нозик интеллектуал ўйиндан оддий “югур-югур”, “ур-теп” жангари фильмга айланиб қолган”, – деб ҳисоблайди Эльдар Асанов.
Швед ёзувчиси Стиг Ларссоннинг хакер қиз Лисбет Саландер ҳақидаги “Миллениум” трилогиясига таъриф бериб ўтириш ортиқча бўлса керак. Ларссон бугунги куннинг энг кўп ўқиладиган детектив ёзувчиси (Дэн Браун қаторида), у яратган образ – Лисбет Саландер эса аллақачон ўз фанбазасини шакллантира олган адабий қаҳрамон ҳисобланади.
Трилогиянинг биринчи китоби – “Аждар татули қиз” асосида олинган иккита фильм (Швеция ва Холливуд вариантлари) ўз вақтида етарли шуҳратга эришганди. Унинг муваффақиятларини давом эттириб, кўпроқ пул топиш илинжида муаллифлик ҳуқуқи эгалари шу йилнинг 24 октябрида “Ўргимчак тўридаги қиз” номли учинчи фильмни ҳам тақдим этишди.
Картина устида чинакам байналмилал жамоа ишлади: уругвалик Феде Альварес режиссёрлигидаги фильмда бош ролларни англиялик Клэр Фой ва швециялик Сверрир Гуднасон ижро этишди. Жамоанинг анча ёшлиги ҳам унинг асосий ютуқларидан бири ҳисобланаётган эди. Лекин на миллий таркиб, на ёш таркиби муваффақият келтирмади: роппа-роса бир ой ичида 43 млн доллар бюджетга эга фильм дунё миқёсида 27 млн доллар тўплай олди, холос.
“Ўргимчак тўридаги қиз”нинг муваффақиятсизлигига нима сабаб бўлганини қуйида кўриб чиқамиз.
Авваламбор, фильм Стиг Ларссоннинг оригинал трилогияси эмас, ундан илҳомланиб ёзилган алоҳида китобнинг экранлаштирилган кўринишидир. “Ўргимчак тўридаги қиз” китобининг муаллифи – Давид Лагеркранц 56 ёшга кириб, машҳур футболчига бағишланган “Мен – Златан” биографик китоби билан оз-моз ном чиқара олган, холос. Бу ҳам майли, бошқа бир адибнинг образлари ва адабий дунёсини ривожлантириш, бунда керакли атмосферани сақлаб қолишнинг ўзи адабиётда ниҳоятда мураккаб, деярли бажариб бўлмас иш ҳисобланади. Шерлок Холмс ҳақида Артур Конан Дойлдан сўнг ёзилган юзлаб ҳикоялардан қайси бири шуҳратга эришган? Ҳеч қайсиси.
Шундай қилиб, фильмнинг биринчи муаммоси унинг манбасидадир.
Лисбет Саландер китобхонлар орасида биринчи галда нозик интеллектуал иш олиб бориши билан машҳур. У доимий ҳамроҳи – журналист Микаэль Блумквист билан биргаликда архивларда кунини ўтказади, интернетнинг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиқади, узундан-узоқ суҳбатлар ва суриштирувлар олиб боради. Жамоа хавфли жиноятчилар билан деярли тўқнашмайди, асосан мураккаб оилавий ишларга ечим излайди, йўқолган одамларни топади, индивидуал савдойиларни тутиб беради. Уларнинг фаолиятида муштлашувлар, отишмалар деярли бўлмайди.
“Аждар татули қиз”да бутун воқеа бир неча ўн йил муқаддам ғойиб бўлган бир қизни қидириш атрофида рўй беради, бунда бош қаҳрамонларнинг характерини очиб, ривожлантириш, уларнинг шахсий ҳаётини кўрсатишга жуда кўп вақт сарфланади. “Ўргимчак тўридаги қиз”-чи?
Экран асарида ақлий фаолиятдан асар ҳам йўқ. Саландер – супер-мупер хакер, ҳар қандай тармоққа кира олади, ҳатто рулда кетаётиб қаршисидаги машинанинг тизимини бузиб кира олади, лекин бу ишларни қандай қилиши тушунтириб ўтирилмайди. Бу очиқчасига томошабиннинг устидан кулиш – “Буни қандай уддалади ахир? Бу деярли имконсиз-ку?” сингари саволларга “Қаҳрамон – супермен, сен эса поп-корнни егин-да, маккажўхоризорини суриштирма!” деб жавоб беришдир.
Одатда ҳаммадан яшириниб кун кечирадиган, душманларини компьютер орқали жазолайдиган Лисбет салкам Шварценнегерга айланиб, тўртталаб пишиб кетган, профессионал қотиллар билан курашга киришади, жиккаккина гавдаси билан уларни ағдариб ташлайди, пойгаларда иштирок этади, бир сўз билан айтганда, ноёб ва мураккаб образдан одатий жангари қаҳрамон даражасига тушириб қўйилади.
Бундай бўлгандан кейин, табиийки, фильм ҳам нозик интеллектуал ўйиндан оддий “югур-югур”, “ур-теп” жангари фильмга айланиб қолган. Бемаъни отишма ва муштлашувдан зерикмаган бир гуруҳ томошабин пулини аямай уни кўради, лекин кинозалдан чиқиши билан барча тафсилотларни унутиб юборади, фильмни томоша қилишни дўстларига тавсия қилиши ҳам шубҳа остида.
Шундай қилиб, кинофраншиза, Лисбет Саландер олами ўз қиёфасини йўқотган. Ҳеч шубҳасиз, Саландер хоним ўрнига мутлақо бошқа бир қаҳрамон экранда югуриб юрганида ҳам, кинонинг маъноси ва қиймати ўзгармасди. Картина мутлақо “Миллениум” фанбазасига йўналтирилмаган, балки зерикканидан кўз юмиб кинозал танлайдиган мухлисга мўлжалланган. Унинг муваффақиятсизлигига сабаб бўлган асосий омиллардан бири ҳам шу: “Холмс”, “Тахтлар ўйини” каби сериаллар ҳам, “Марвел” кинофраншизаси ҳам биринчи галда тегишли адабий маҳсулот мухлисларига йўналтирилган ва шу боис, муваффақиятга эришган. Стив Мартинни ўқимаган, фантазияга қизиқмайдиган одамга “Тахтлар ўйини” мутлақо қизиқмас. “Ўргимчак тўридаги қиз” муаллифлари Лисбет Саландер воқеаси ашаддий мухлислардан бошқага қизиқ бўлиши мумкин, деб ўйлаб жиддий хатога йўл қўйган.
Атмосферагина эмас, бирламчи персонажлар ҳам жиддий ўзгаришларга учраган. Биз билган Лисбет Саландер социопат (ўзини жамиятдан четда тутувчи), ғайритабиий феъл-атвори туфайли бошқалардан ажралиб турар, ғалати кийинар, ғалати хатти-ҳаракатлар қилар, лекин, шу билан бирга, аёл сифатида жуда жозибадор эди; инсон сифатида эса тушунарсиз, аммо оғир ўтмиши боис, қийналганларга ёрдам бериб юрарди; ўзига яқин оладиган инсонларга ҳам меҳрини жуда ғайриоддий тарзда намоён этарди.
Янги фильмдаги Лисбет Саландер эскисининг хира нусхаси, холос. Клэр Фой талқинидаги Саландер – мураккаб феълли ўсмир қиз эмас, ҳаётда кўпни кўриб қўйган эркакшода аёл. Унда на жозиба, на мафтункорлик, на эски социопатия қолган. Одамлар билан муомалада бирор қийинчиликка учрамайди – кечагина танишган саккиз яшар боланинг кўнглини олиш учун шахмат ўйнашни таклиф қилади, фильм охирида опасига юзма-юз келганида йиғи-сиғи қилишдан берига ўтолмайди (ҳиссиётларини фақат тешиб ўтадиган нигоҳи билангина ифодалашга ўрганиб қолган Лисбет-а!) эски таниши Микаэль Блумквист билан суҳбатлашганда ўтмишда бўлган гаплар, илиқлик ва зиддиятнинг бирор изи сезилмайди: қош остидан қараш, суҳбатдаги ноқулайлик сингари приёмлар Феде Альваресга мутлақо нотаниш кўринади. Дарвоқе, оригинал фильмнинг тўлақонли бош қаҳрамони бўлган Блумквист бу ерда мебель вазифасини ўтайди. Саландер аралашиб қолгани учунгина жиноий ишга қизиқиб, Швециянинг энг кучли хакерини, у билан аллақачон алоқаларини узиб юборган Лисбетни ҳеч қандай қийинчиликсиз топади, шундан сўнг унинг ёнида юзида сохта ҳаяжон ифодаси билан айланиб юраверади. На жиноятчиларни топишда, на уларга қарши курашишда Блумквистнинг бирор ёрдами тегмайди. Уни экрандан олиб ташласа ҳам, фильмда бирор йўқотиш сезилмайди (бир рус мақолида айтилганидек, “отряд не заметит потерю бойца”). Образ жонлантириш ва ривожлантириш масаласида режиссёрнинг ҳам, бош роллар ижрочиларининг кундаликларига ҳам ҳеч уялмай “икки” қўйиб, синфхонадан чиқариб юборса бўлади.
Ниҳоят, картинанинг охирги ва энг жиддий муаммосига келдик. Кино ижодкорлари бошқа жуда кўплаб ҳамкасблари йўл қўйган хатони такрорлаган – бош қаҳрамоннинг оилавий ҳаёти ҳақида илгари номаълум бўлган тафсилотларни киритган, лекин бу тафсилотлар умумий манзарани шунчалик ўзгартириб юборадики, томошабиннинг ҳафсаласини пир қилади. Хакер қиз ўтмишидаги бирор кичик воқеани эслаб қолса, узоқ йиллар муқаддам хайрлашган бирор танишини учратиб қолса, балки тушуниш мумкин эди. Аммо киночилар негадир унинг оилавий бекграундини тубдан ўзгартириб, фильм сюжетини шунинг асосига қуришга қарор қилишган. Биз билган Лисбет Саландер – бой одамнинг қизи, лекин отаси билан келишмай уйдан чиқиб кетганди, шунда ҳам отаси билан алоқани узмай, ундан доимий пул олиб турарди. Янги кинода бу нарса бутунлай ўзгариб кетган: Лисбетнинг отаси – рус мафиясининг отаси, у маньяк ва педофил, қиз ундан қочиб кетиб, бутунлай алоқани узган ва яшириниб юрган; бу ҳам етмагандек, отасининг ўлимидан сўнг унинг ишини Лисбетнинг опаси Камилла Саландер давом эттиряпти ва бутун фильм давомида опа-сингил бир-бирига қарши курашади. Бу даражадаги кескин ва аҳмоқона бурилиш фильмдаги мантиқни ўлдирган, томошабин ва китобхон ўрганган эски шартларни йўққа чиқарган. Табиийки, озгина ақлини ишлатган одам уни масхара қилишаётганини, одамга, аудиторияга қарагандай эмас, миясиз ҳамёнга қарагандай қарашаётганини тушунади ва кинозалдан норози бўлиб чиқиб кетади.
Умуман, бунақа кескин бурилишлар кинематографда ҳеч қачон муваффақият келтирмаган: Жеймс Бонд ҳақидаги “Спектр” фильмида ҳам олдинги серияларда мутлақо эсга олинмаган оилавий тафсилотлар чиқиб келиши, ҳам фильмнинг бош антагонисти, ҳам илгариги антагонистлар ортида турган ёвуз куч Бонднинг ўгай акаси бўлиб чиқиши кинонинг маза-матрасасини қочирган. Лекин унда ҳарқалай, бунақа аҳмоқликка кулиб қўйган эдик; бу сафаргиси ҳатто кулгили чиқмабди.
Режиссура, сценарий, мантиқий қурилиш, сюжет оригиналлиги, актёрлик ўйини деярли “ноль” даражада бўлган фильмнинг техник томонларига тўхталиб ўтиш шартмикин? Кинода яхши операторлик иши ҳам, яхши махсус эффектлар ҳам бор. Аммо операторлик иши, махсус эффектлар бугунги кунда томошабинни ҳайратга соладиган нарса бўлмай қолди. “Ўргимчак тўридаги қиз”да ҳам ўзига хос бирор операторлик приёми, эсда қоларли постановка, оригинал тўқнашувлар ва эффектлар йўқ. Яъни кино ижодкорлари франшизани детектив кўчасидан чиқариб, жангари кўчага олиб кираркан, ҳеч бўлмаса, шунда ҳам бирор оригиналлик кўрсата олмаган. Аслини олганда, жангари фильмлар жанри аллақачон ўлиб бўлган, муштлашув ва отишмалар бошқа жанрларни “қизитувчи” мотив бўлиб хизмат қилади, холос. “Ип Ман”, “Жон Уик” сингари бир-иккита франшизагина ушбу жанрда янги сўз айтиб, ўз мухлисини топа олди.
“Ўргимчак тўридаги қиз” эса ҳеч нарсаси билан эсда қолмайди. У бир марталик кино бўлса ҳам майли эди – болалар тўпланиб, ўрта сифатдаги кино чиқариб, "соққа" ишлади, деб тўғри тушунардик. Лекин улар катта ишга қўл уришди ёки бўлмаса катта ғояни пана қилиб пул ишлашмоқчи бўлишди. Бугунги кунда кино соҳасида пул ишлаш учун “ўлдир-ўлдир”, “портлат-портлат”нинг ўзи камлик қилишини эса англаб етишмади. Натижада эса ўзлари ҳам пул ишлай олишмади (кетган пулидан икки баробар камроқ касса йиғимлари), машҳур ва қизиқарли кинооламни ҳам йўққа чиқаришди. Энди уни тиклаш, янгидан аудитория тўплаш жуда қийин бўлади.
Ушбу рукнда берилаётган мақолалар сайт қарашини ифодаламаслиги мумкин.
