Кая Каллас Ўзбекистонга келади

Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида 27 март куни Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистон иштирокида 20-Европа Иттифоқи — Марказий Осиё вазирлар йиғилиши бўлиб ўтади. Унга ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Кая Каллас раислик қилади. Бу ҳақда Евроиттифоқнинг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, йиғилишда 3−4 апрель кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» биринчи саммитига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Россиянинг Украинага қарши урушининг минтақага таъсири, транспорт ва рақамли ўзаро боғлиқлик, муҳим минераллар, энергия ва сув ресурслари, савдо, халқлар ўртасидаги алоқалар, таълим ва тадқиқот бўйича муҳокамалар ҳам ўрин олган.
Вазирлар учрашуви олдидан Кая Каллас Туркманистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирлари Рашид Мередов ҳамда Сирожиддин Муҳриддин, шунингдек, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Европа дипломатияси раҳбари сўнг Тошкентга келади ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашади.
Кейин Кая Каллас Олмаотага боради ва у ерда 28 март, жума куни Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу билан учрашади. Бундан ташқари, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан икки томонлама учрашув ўтказади.