Карантинда Шаҳзода Матчонова ўқишни тавсия этадиган 10 та китоб

Карантинда Шаҳзода Матчонова ўқишни тавсия этадиган 10 та китоб

Шаҳзода Матчонова "Instagram"даги саҳифаси орқали мунтазам равишда фолловерларига ўқиган китоблари ҳақида маълумот бериб келади. Қуйида актриса ўқишни тавсия этадиган китоблар ҳақида маълумотлар келтирилади.

«Кулаётган одам», Виктор Гюго. 

Фото: Instagram/@shahzodamatchanova

Шаҳзода Матчонованинг фикрича, бу икки сабабга кўра, албатта, ўқилиши шарт бўлган китоб. «Биринчидан, бу классика. Классик асарларни ҳамма билиши шарт. Иккинчидан, муаллиф 19-асрни жуда яхши тавсифлайди, кўплаб тарихий фактларни келтиради», — деб ёзади актриса.

«Кичкина шаҳзода», Антуан де Сент-Экзюпери.

Фото: Instagram/@shahzodamatchanova

«‘Кичкина шаҳзода’ — қалбингизга кириб олиб, у ерда бир умр қоладиган жуда кам сонли эртаклардан бири. Коинот, қачонлардир Антуан де Сент-Экзюперини бизга ҳадя этганинг учун раҳмат. У бор-йўғи 44 йил умр кўрган, бироқ у менинг оламимни бир умрга юлдузларга тўлдирган», — дейди актриса ва ҳаммага бу китобни ўқишни тавсия этади.

«Бой ва камбағал», Ирвин Шоу 

Фото: Instagram/@shahzodamatchanova

«Анчадан бери китобни ўқиб бўлганимдан сўнг йиғламаган эдим. Бу китоб мени шундай қилишга ундади. Бир оила мисолида бутун Америка жамоатчилиги кўрсатиб берилган. Икки ака ва бир сингилнинг тақдири ҳақидаги ажойиб китоб», — деб ёзади Шаҳзода Матчонова ушбу китоб ҳақида.

 «Юлдузли тунлар» («Бобур»), Пиримқул Қодиров. 

Фото: Instagram/@shahzodamatchanova

«Мен ўқиган асарлар орасида, шубҳасиз, энг яхшиларидан бири. Қодиров тасвирлаган Бобур образини севиб қолдим. Ўйлашимча, Бобур шахсиятидан нафақат эркаклар, балки бутун инсоният ўрнак олиши керак», — дея таърифлайди бу асарни актриса.

«Уч финжон чой», Грег Мортенсон ва Девид Оливер Релин 

Фото: Instagram/@shahzodamatchanova

«Покистонда адашиб қолган америкалик эркак ҳақида ҳикоя қилувчи китоб. У Покистоннинг чекка ҳудудларида мактаб қуради. Ўз тақдиридан ҳам покистонлик болаларнинг билим олишини устун қўйган инсон қиссаси», — деб ёзади актриса.

 «Инсонни излаяпман», Сергей Довлатов. 

Фото: Instagram/@shahzodamatchanova

Актриса юмор ҳиссига бой китобларни ёқтирувчиларга ушбу муаллифни тавсия этади. «Бу китоб ўқилиш тили енгил бўлган ҳикоялардан иборат», — деб ёзади Шаҳзода.

«Иблис девори», Тоҳир Малик

Фото: Instagram/@shahzodamatchanova 

«Минг афсуслар бўлсин-ки, ҳаётим давомида ўзбек адабиётининг классики бўлиб улгурган Ўзбекистон халқ ёзувчисининг асарини яқин кунларда биринчи бор ўқиб чиқдим.

‘Иблис девори’ асаридан ташқари бошқа қизиқарли ва ачинарли қиссаларини ҳам ўқидим. Булар менга севимли ёзувчим Шолоховнинг қиссаларини эслатдилар. Улар ҳам самимий ва кўнгилга яқин эканлар», — дейди Шаҳзода Матчонова.

«Инсон тақдири», Михаил Шолохов.

Фото: Instagram/@shahzodamatchanova 

«Мен ўқиган энг яхши асарлардан бири. Китоб сизни тўғри яшашга ўргатади. Уни ўқиганингиздан сўнг виждонингизга қараб иш тута бошлайсиз», — деб ёзади актриса.

 «Бутун ҳаёт олдинда», Эмиль Ажар.

Фото: Instagram/@shahzodamatchanova

Париждаги энг камбағал туманлардан бирида яшовчи одамлар ҳақидаги китоб. Турли миллат ва диний эътиқодга мансуб инсонлар қийинчилик ва ночорликларига қарамай, самимийлик, меҳр-мурувват ҳамда фидойиликни намоён этади.

«Саъва», Донна Тартт.

Фото: Instagram/@shahzodamatchanova 

Музейдаги портлашдан сўнг онасини йўқотган бола ҳақида ҳикоя қилинади. Бола саросима таъсирида музейдан Карл Фабрисиуснинг машҳур «Саъва» картинасини ўғирлаб кетади. Ажойиб китоб, уни маза қилиб ўқиб чиқдим», — дейди Шаҳзода ушбу китоб ҳақида.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!