Жорий йилда юридик техникумларга 3000 нафар ўқувчи қабул қилинади - Адлия вазирлиги

Жорий йилда юридик техникумларга 3000 нафар ўқувчи қабул қилинади - Адлия вазирлиги

Адлия вазирлиги юридик техникумларининг 2022/2023 ўқув йили учун қабул жараёнларига оид маълумотларни тақдим этди.

Маълум қилинишича, Республиканинг 14 та ҳудудида жойлашган жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги юридик техникумларда (ҳар бир ҳудудда биттадан) 3 та соҳа мутахассисликлари (давлат-ҳуқуқий фаолият, юридик хизмат ва суд ҳуқуқий фаолият) бўйича кадрлар тайёрланмоқда ва ўқиш муддати 2 йил этиб белгиланган.

Адлия вазирининг тегишли буйруғига мувофиқ 2022/2023 ўқув йили учун қабул параметрлари тасдиқланган бўлиб, унга кўра республика миқиёсида жами 3000 (уч минг) нафар ўқувчи қабул қилинади. Шундан 580 нафари давлат гранти асосида, 2420 нафари тўлов контракт асосида таҳсил олади. Тиллар кесимидаги тақсимотга кўра, давлат гранти асосида қабул қилинадиган 580 нафар талабанинг 540 нафари ўзбек гуруҳларида, 30 нафари рус ҳамда 10 нафари қорақалпоқ гуруҳларида таълим олиши назарда тутилган.

Қабул параметрларига кўра тўлов контракт асосидаги 2420 нафар талабанинг 1520 нафари кундузги, 900 нафари сиртқи таълим шаклида таҳсил олади. Шундан 2240 нафари ўзбек гуруҳларида, 130 нафари рус гуруҳларида, 50 нафари қорақалпоқ гуруҳларида таълим олиши мўлжалланган.

Юридик техникумларга қабул жараёнлари 1 август кунидан бошланган ва 20 август кунига қадар (шу куни ҳам) давом этади. Хозирги кунда абитуриентлар Давлат хизматлари марказлари, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда тегишли ҳужжатларни топширишмоқда.

Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида юридик техникумларга умумтаълим мактабларининг 11-синфини, академик лицей, касб-ҳунар мактаблари ва коллежларни тамомлаган шахслар кириши мумкин. Тест синовлари Давлат тест маркази томонидан 25 – 30 август кунлари ўтказилади ҳамда тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, баҳолаш мезонлари, тест топшириқлари сони Тошкент далат юридик университети бакалавриатига кириш учун белгиланган талабларга мувофиқ аниқланади.

Қайд этилишича, Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейни тамомлаган ўзлаштириш кўрсаткичларининг 56 ва ундан юқори фоизлик натижаларига эга битирувчилар ҳамда республика олий таълим муассасаларида “юриспруденция” таълим йўналиши бўйича тест синовларида иштирок этиб, унда тўплаш мумкин бўлган умумий баллнинг 60 ва ундан юқори фоизини тўплаб, ўқишга тавсия этилмаган абитуриентлар юридик техникумларга кириш имтиҳонларисиз, тўлов-контракт асосида қабул параметрларидан ташқари қабул қилиниши белгиланган.

Юридик техникумларнинг битирувчилари бугунги кунда 90 дан ортиқ соҳа мутахассисликларида, хусусан нотариус ёрдамчиси, ФҲДЁ бўлими инспектори, судья ёрдамчиси ҳамда давлат ижрочиси лавозимларида фаолият юритишлари мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!