Жорий йилда 174 млрд. сўм қийматида авторақамлар сотилган

Жорий йилда 174 млрд. сўм қийматида авторақамлар сотилган

2022 йилнинг 6 ойи давомида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида 174,0 млрд сўмлик 77 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди. Бу ҳақда Товар-хомашё биржаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 10 фоизга, ҳажми бўйича – 27 фоизга ўсган.

Ўтган даврда тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,2 млн сўмни ташкил этган. Сотилган авторақамларнинг 93 фоизи жисмоний шахслар, 7 фоизи юридик шахслар томонидан харид қилинган. Сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси 545,4 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 348,0 млн сўмни ташкил қилган.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 29 фоизи биринчи тоифадаги авторақамлар, 22 фоизи иккинчи, 13 фоизи учинчи, 9 фоизи тўртинчи, 12 фоизи бешинчи ва 15 фоизи олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп авторақамлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (45 фоиз), Самарқанд (8 фоиз), Бухоро, Фарғона ва Қашқадарё (6 фоиздан) вилоятларида харид қилинган.

Эслатиб ўтамиз, авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига, 20 фоизи Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига йўналтирилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!