Жиззахда юк машинаси ва 2 автомобиль иштирокидаги ЙТҲ оқибатда 1 киши вафот этди

Жиззахда юк машинаси ва 2 автомобиль иштирокидаги ЙТҲ оқибатда 1 киши вафот этди

Жиззахда юк машинаси ва икки автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар қилмоқда ЙҲХББ.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 6 апрель куни соат 14:30 ларда Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятга эга бўлган М39 Термиз–Тошкент йўлининг 996-километрида Навоий вилояти Навбаҳор туманида яшовчи, 1977 йил туғилган ҳайдовчи GMS русумли юк автомашинасини бошқариб кетаётиб, ўзидан олдинда бўлган Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи, 29 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Lacetti’нинг орқа қисмига уриб юборган.

Оқибатда Lacetti қарама-қарши томонга ўтиб кетиб, Тошкент–Термиз йўналишида ҳаракатланиб келаётган Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида яшовчи, 46 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги «Жигули» билан тўқнашиб, пастликка тушиб кетган. ЙТҲ оқибатида 1 фуқаро вафот этган ва 2 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Мазкур ЙТҲ сабаблари ўрганилганида юк автомобили ҳайдовчиси машинада бўлган юк ҳисобини олмаган ва узатмалар қутисини белгиланган меъёрда ушлаб тура олмаган. Ҳайдовчи кескин тормоз бериши оқибатида тизим ҳаво компрессор бўлгани боис ишдан чиққани аниқланган.

Бундан аввал Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров Ўзбекистондаги автомобиль йўллари талабга жавоб бермаслигини, бу муаммони бартараф қилиш учун жиддийроқ иш олиб бориш кераклигини айтганди.

«Масалан, М-39 йўлда деярли 10 йилдан бери қатнаётган бўлсак, Тошкентдан чиқиб, Жиззахга етиб олгунча камида 3-4 та авария ҳолатлари юзага келади шахсан ўзимда. Кечқурун-ку умуман йўлда юриш ҳақида ўйлаш керак эмас, ҳаёт учун хавфли. Биз йўлларни ёритиш ҳақида умуман гапирмаяпмиз, чуқурларга тушмай қолиш, автомобиль балонларини алмаштирмаслик эҳтимоли ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», — деган эди депутат.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!